Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон терма жамоаси Дакарда бўлиб ўтаётган IV ёзги ўсмирлар Олимпия ўйинларида олтин ва бронза медалларини қўлга киритди. Бокс бўйича Сабрина Чакомонова олтин, қиличбозликнинг сабля йўналишида Наргиза Ўтабаева эса бронза медалига сазовор бўлди.
54 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги финал баҳсида Чакомонова Колумбия вакили Эвелин Саласга қарши рингга чиқди. Ўзбекистонлик спортчи 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, мамлакат делегациясига жорий ўйинлардаги илк олтин медални тақдим этди.
Ўтабаева қизлар ўртасида сабля бўйича қиличбозлик мусобақасида бронза медали соҳиби бўлди. У саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, ярим финалга йўл олди. Бироқ ушбу босқичда Хитой вакилига мағлуб бўлди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳсда ўзбекистонлик қиличбоз Аргентина вакиласини мағлуб этиб, бронза медалини қўлга киритди.
Шундай қилиб, яна бир финал баҳси олдидан Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида жами олтита медаль — битта олтин, тўртта кумуш ва битта бронза медали мавжуд эди.