Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиради
Ўзбекистон болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болага қарши жиноятлар тўғрисида маълумотлар олган тақдирда жиноят ишини қўзғатиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилганда, бу ҳақда Болалар омбудсманини хабардор қилиши назарда тутилмоқда. Бу келгусида суд жараёнларида, шу жумладан вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритишда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўлақонли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг парламент назоратини амалга ошириш борасидаги ваколатлари ҳам белгиланиб, бола манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга аризалар, шикоятлар ва даъволар билан мурожаат қилишда уни давлат божидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа билан вакилнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш, уни сайлаш, дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш, шунингдек у томонидан парламентга тақдим этиладиган маърузани эшитиш масалалари тартибга солинмоқда.
Бундан ташқари, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) билан мажбурий келишилишига оид қоидалар белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.