Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи 30 ёшдан кичик
Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи 30 ёшдан кичик
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан ортиғини 30 ёшгача бўлган фуқаролар ташкил этади. Бу ҳақда аҳолини рўйхатга олиш материалларини қайта ишлаш якунлари бўйича тайёрланган Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларида қайд этилган.
Идора маълумотларига кўра, республика аҳолисининг умумий сони 39 миллион нафар деб баҳоланмоқда. Шундан 38,5 фоизи ёки тахминан 15 миллион нафари 20 ёшга тўлмаган.
14 ёшгача бўлган болаларнинг улуши аҳолининг 30,5 фоизини ташкил этиб, бу 11,9 миллион нафарга тенг. Умуман олганда, 30 ёшгача бўлган фуқаролар сони 20,3 миллион нафарга етган бўлиб, мамлакат аҳолисининг 52 фоизини ташкил қилади.
Миллий статистика қўмитаси, шунингдек, 40–44 ёш тоифасида эркаклар ва аёллар сони деярли тенг эканини маълум қилди. Ёшроқ тоифаларда эркаклар устунлик қилса, катта ёшдаги аҳоли орасида аёллар кўпроқни ташкил этади.
Идорада таъкидланишича, эълон қилинган кўрсаткичлар дастлабки ҳисобланади ва аҳолини рўйхатга олиш материалларини тўлиқ қайта ишлаш якунланганидан кейин аниқлаштирилиши мумкин.