Осиё хотин-қизлари II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди

Осиё хотин-қизлари II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди

Осиё хотин-қизлари II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бухоро шаҳрида “Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш” мавзусидаги Осиё хотин-қизларининг II форуми муваффақиятли ўтказилди.

Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан юқори мартабали иштирокчилар, жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси Ижрочи директори, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, халқаро молия институтлари вакиллари, Осиё мамлакатлари парламентларининг аёл аъзолари, ҳукумат ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари иштирок этди.

Шунингдек, форумда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етакчи аёллар, ишбилармон доиралар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар ҳамда турли иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалар вакилларидан иборат қарийб 250 киши қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Форум иштирокчиларига мурожаат йўллади. Форумнинг очилиши маросимида Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева уни ўқиб эшиттирди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз кириш сўзида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этилди. Ўтказилаётган форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббусининг амалий натижасидир.

Маълумки, Самарқандда ўтказилган биринчи форум бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатганди ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланганди. Эндиликда бу майдонни доимий платформага айлантириш йўлида муҳим қадам ташлангани қайд этилди.

Сўзга чиққанлар бугун ҳеч бир давлат хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтирмасдан туриб барқарор тараққиётга эриша олмаслигини таъкидлади. Шу боис мазкур платформа нафақат мулоқот, балки умумий ёндашувлар, амалий ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни шакллантириш майдонига айланиши лозим.

Бу майдон – глобал таҳдидларга қарши курашишда аёллар бирдамлигининг ёрқин ифодасидир. Иқлим ўзгариши, камбағаллик, тенгсизлик ва турли камситишларга қарши самарали ечимларга фақат хотин-қизларнинг ўзларининг фаол иштироки орқалигина эришиш мумкин.

Шунинг учун ҳам турли соҳаларнинг фаол аёлларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини кенгайтириш бугунги долзарб вазифалардан биридир.

Жумладан, мамлакатимизда сўнгги ўн йил ичида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилгани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлар ва қарор қабул қилиш тизимидаги иштироки тобора кенгайиб бораётгани, бугунги кунда Ўзбекистон парламентда аёллар улуши бўйича дунёда 35-ўринни эгаллагани қайд этилди.

Бундан ташқари, хотин-қизларнинг таълим, илм-фан, инновациялар ва тадбиркорлик соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланиб, бугун олий таълимда қизлар улуши 53 фоизга, магистратурада эса 65 фоизга етган. Олимлар орасида эса хотин-қизлар улуши 60 фоизни ташкил этади. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда аёл тадбиркорлар сони 3,7 баробарга кўпайиб, 274 мингдан ошган.

Ушбу форум Осиё мамлакатлари ўртасида илғор тажрибалар алмашиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик ва амалий механизмларни такомиллаштириш, таълим, тадбиркорлик, инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма дастурларни йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Форум ўз ишини параллел сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирди.

Биринчи параллел сессия давлат ва жамият бошқаруви ҳамда сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида хотин-қизлар иштирокини кенгайтиришнинг долзарб масалаларига бағишланди.

Мазкур сессияда хотин-қизлар лидерлигини мустаҳкамлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида тенг ва самарали иштирокини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Форум иштирокчилари хотин-қизларнинг сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига жалб этилишини рағбатлантирувчи давлат сиёсати, миллий ва минтақавий дастурлар, ҳуқуқий механизмлар ҳамда институционал ёндашувлар хусусида фикр алмашди.

Шунингдек, парламент, давлат органлари ва давлат хизматида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, раҳбарлик ва сайланадиган лавозимларда уларнинг вакиллигини оширишга қаратилган самарали механизмларга эътибор қаратилди.

“Хотин-қизларнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш – барқарор бандлик, тадбиркорлик ва мувозанатлашган минтақавий ўсиш омили” мавзусида бўлиб ўтган иккинчи параллел сессияда жаҳон ва минтақада меҳнат бозорлари трансформацияси шароитида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллиги ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш, уларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш орқали барқарор ўсишни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Хотин-қизларнинг меҳнат бозори ва бизнесдаги иштирокини кенгайтириш, муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, даромадлардаги гендер тафовутни қисқартириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Муҳокама давомида парвариш иқтисодиётини ривожлантириш, оилага йўналтирилган меҳнат сиёсати, норасмий бандликни қисқартириш, ижтимоий ҳимоя механизмларини кучайтириш ва хотин-қизларни муносиб меҳнат билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Илм-фан, таълим, экология, инновация ва сунъий интеллект соҳаларида хотин-қизлар: янги авлод имкониятлари” мавзусида ўтказилган учинчи сессияда хотин-қизларнинг замонавий илм-фан ва технология соҳаларидаги иштироки, улар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда бу йўналишдаги халқаро тажриба муҳокама қилинди.

Сессияда хотин-қизларни STEM таълимига жалб этиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасида уларнинг салоҳиятини ривожлантириш, экологик ташаббуслардаги иштироки ҳамда технологиялар орқали содир этиладиган гендер зўравонликка қарши курашиш масалаларига урғу берилди.

“Хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимояси ва ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда рақамли муҳитда хавфсизлигини таъминлаш: барқарор ва инклюзив жамиятни шакллантиришнинг устувор йўналишлари” мавзусида бўлиб ўтган тўртинчи сессияда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва рақамли муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Форум доирасида Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини намоён этувчи тўқимачилик, кулолчилик, ипакчилик ва чарм-пойабзал саноати, озиқ-овқат маҳсулотлари, хотин-қизларнинг муваффақиятли лойиҳалари, стартапчи қизларнинг инновацион стартаплари миллий маҳсулотлар кўргазмаси  ташкил этилди.

Форумда Осиё минтақасида хотин-қизларнинг таълим, илм-фан, сиёсат, иқтисодиёт ва жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратилган Бухоро декларацияси қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг