«Ўзтўқимачиликсаноат» акциядорлик жамияти ва Кеқиао маъмурияти бевосита хомашё етказиб бериш ва ҳамкорликни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбариятининг Хитой давлатига ташриф амалга оширилмоқда.
Ташриф давомида бир қатор манфаатли учрашувлар амалга оширилмоқда. Жумладан Хитойнинг Кеқиао шаҳри ҳокимияти вакиллари — Шаохинг шаҳри ҳокими ўринбосари Юань Хиаовен, Шаохинг шаҳри иқтисодий зонаси раҳбари Зҳоу Хуэ Фенг, "China Textile City" раҳбари Пан Жиан Ҳуа ва "China Textile Group" раҳбари билан давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати давомида, Шаохинг шаҳри ишлаб чиқарувчилари, ўзбек тўқимачилик компаниялари билан кооперация алоқаларини ўзаро интеграция қилиш орқали кенгайтириш, Хитой компаниялари тажрибасида асосида ягона савдо платформасини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистонда қўшма ишлаб чиқаришлар жорий этиш масалалари кўтарилди.
Учрашув якунига кўра, Кеқиао шаҳри ҳокимияти ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан ўзаро алоқаларини кенгайтириш, Ўзбекистон маҳсулотларини тан нархини пасайтириш мақсадида хом-ашё маҳсулотларини тўғридан тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этишга келишилди.