Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 2019 йилдан бери икки баробар қисқарди

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 12:20 · 42 views
Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 2019 йилдан бери икки баробар қисқарди

Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт улуши 2019 йилдан бери икки баробар қисқарди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 2019 йилдаги ялпи ички маҳсулотнинг 50 фоизидан 2025 йилга келиб тахминан 25 фоизгача камайган. Бу ҳақда 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияда қайд этилган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2029 йилга келиб мазкур кўрсаткични ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизигача тушириш режалаштирилган. Таққослаш учун, дунё бўйича ўртача кўрсаткич 11,8 фоизни, даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатларда эса 19,7 фоизни ташкил этади.

Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги фармони билан 2030 йилгача эришилиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Уларга кўра, кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 1,3 баробарга қисқартириш, аҳолининг савдо ва хизматлар соҳасидаги нақдсиз тўловлари улушини 75 фоизга етказиш ҳамда расмий бандликни кенгайтириш вазифалари қўйилган.

Бу мақсадларга эришиш учун бизнеснинг норасмий сектордан расмий секторга ўтиши шартларини соддалаштириш, соддалаштирилган солиқ режимига эга субъектларнинг умумий солиқ режимига ўтиши учун имкониятларни кенгайтириш, солиқ интизомига риоя қилаётган солиқ тўловчилар устидан назоратни қисқартириш, шунингдек, бизнесни сунъий равишда бўлиш ва айланмани яширишга қарши кураш чоралари назарда тутилган.

Нақд пул ҳисоб-китоблари улуши юқори бўлган чакана савдо, умумий овқатланиш, қурилиш, кўчмас мулк ижараси, қишлоқ хўжалиги ва транспорт ташувлари соҳаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўрта муддатли солиқ сиёсатида фойда солиғи ва жисмоний шахслар даромад солиғи бўйича имтиёзларни қайта кўриб чиқиш, қўшилган қиймат солиғи занжирининг узлуксизлигини таъминлаш учун ҚҚС имтиёзларини оптималлаштириш, ҚҚСни қайтариш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, инфляция даражасини ҳисобга олган ҳолда акциз солиғи, ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи ставкаларини ошириш режалаштирилган. Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда «солиқ харажатлари»ни баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган.

Янги йўналишлар қаторида «яшил солиққа тортиш» тамойилларини жорий этиш, ислом молияси учун алоҳида солиққа тортиш қоидаларини босқичма-босқич татбиқ этиш ҳамда солиқ ва божхона сиёсатини Жаҳон савдо ташкилоти талаблари билан уйғунлаштириш белгиланган.

Шунингдек, оммавий баҳолаш натижалари асосида аниқланадиган бозор қийматига таянган ҳолда кўчмас мулкни солиққа тортиш тизими ҳам такомиллаштирилмоқда.