Ўзбекистонда техникумлар миллий рейтинги жорий этилди
Ўзбекистонда техникумлар миллий рейтинги жорий этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини шакллантириш тартибини ҳамда уларни рағбатлантириш тизимини белгилайдиган идоралараро норматив-ҳуқуқий ҳужжатни рўйхатдан ўтказди.
Ҳужжат 3816-рақам билан рўйхатдан ўтказилган бўлиб, 2026 йил 15 апрель санасида қабул қилинган.
Техникумлар ва академик лицейларнинг миллий рейтинглари Таълим сифатини таъминлаш агентлиги томонидан алоҳида юритилади.
Миллий рейтинг маълумотлари қуйидаги манбалардан шакллантирилади: вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларидаги маълумотлар, таълим ташкилотлари томонидан киритиладиган ҳужжатлар ва умуммиллий сўровнома натижалари.
Ҳар йили 10 октабрга қадар ўтган йил учун миллий рейтинг натижалари эълон қилинади.
Бунда, ҳар йили 30 майга қадар ўқувчилар, педагоглар ва иш берувчилар ўртасида умуммиллий сўровнома ўтказилади.
Миллий рейтингда энг юқори ўринларни эгаллаган 50 та техникум БҲМнинг 3 000 баравари миқдорида рағбатлантирилади ҳамда рағбатлантириш тўлови сифатида ажратилган маблағларни қуйидаги мақсадлар учун йўналтиришга рухсат берилади: 80 фоиз – моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва 20 фоиз – раҳбар ва ходимларни моддий рағбатлантириш.