Ўзбекистонда қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлашга қарши чоралар кучайтирилди

Ўзбекистонда қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлашга қарши чоралар кучайтирилди

Ўзбекистонда қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлашга қарши чоралар кучайтирилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда қурилиш чиқиндиларини тўпланиши ва ноқонуний жойлаштирилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича тизимли ишлар бошланди. Ушбу чоралар экологик барқарорликни таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбуриятларига риоя қилиш доирасида амалга оширилмоқда.

Мамлакатнинг барча ҳудудларида қурилиш ишлари жадал ўсиб бораётгани фонида чиқиндиларни рухсатсиз ташлаш ҳолатлари ҳам кўпаймоқда.

Хусусан, Чорвоқ туристик ҳудудида 2020 йилдан буён қурилиш ҳажми 10 бараварга ошгани экологик қоидабузарликлар кўпайишига олиб келган.

Қонунчиликка кўра, бундай ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жавобгарлик белгиланган. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаганлик учун фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жарималар қўлланилади ҳамда такрорий ҳолатларда жазо чоралари кучайтирилади.

Назоратни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда бошқа тегишли идоралар иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузилди. 10 апрелдан бошлаб рейд тадбирлари йўлга қўйилиб, аввало Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида амалга оширилмоқда.

11–13 апрель кунлари ўтказилган текширувлар давомида 102 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, улар бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Қўшимча равишда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида 19 та қоидабузарлик қайд этилди. Махсус техника жалб этилган ҳолда икки ноқонуний полигон бартараф этилди ва 401 тонна чиқинди расмий майдонларга олиб чиқилди.

Маълум бўлишича, ҳудудда аввал икки полигон рекультивация қилинган бўлиб, ҳозирда чиқиндилар Паркент туманидаги ихтисослаштирилган полигонга олиб борилмоқда.

Қоидабузарликларнинг олдини олиш мақсадида Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмита ташаббуси билан ҳозирга қадар 10 та нуқтада видеокузатув камералари ўрнатилган, яқин вақт ичида яна 40 та ускуна ўрнатиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, республика бўйлаб ўтказилган экологик тадбирлар доирасида яна 11 та қурилиш чиқиндиларини ноқонуний ташлаш ҳолати аниқланиб, улар бўйича маъмурий чоралар кўрилди.

Фуқароларга бундай ҳуқуқбузарликлар ҳақида тегишли идораларнинг ишонч телефонлари орқали, шунингдек @ecogovuz_bot Telegram-боти орқали матн, фото ва видео материаллар юбориш орқали хабар бериш тавсия этилади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг