Ўзбекистонда мижозни текширмасдан операциялар лимити пасайтирилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 9 августдан Ўзбекистонда мижозни лозим даражада текшириш талаб этилмайдиган пул операциялари, жумладан, нақд пул билан амалга ошириладиган операциялар лимити 175 млн сўмгача пасайтирилди. Аввал ушбу чегара 500 базавий ҳисоблаш миқдори, яъни 206 млн сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки қарорида маълум қилинган.
Марказий банк мазкур қарорни май ойида қабул қилган бўлиб, унда янги лимитни жорий этиш учун уч ойлик муддат белгиланган эди.
Марказий банк аввалроқ чегара суммасининг пасайтирилиши талабларни Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўйича молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳи (FATF) тавсияларига мувофиқлаштириш билан боғлиқ эканини маълум қилган эди. Лимит 15 минг долларга эквивалент миқдорда белгиланди.