Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистонда ишга қабул қилиш расмиятчиликлари соддалаштирилади

UzDaily · 06.05.2026 · 19:40 · 169 views
Ўзбекистонда ишга қабул қилиш расмиятчиликлари соддалаштирилади

Ўзбекистонда ишга қабул қилиш расмиятчиликлари соддалаштирилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Мажлисда меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур ҳужжат билан амалдаги қонунчиликка бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, қонун лойиҳаси меҳнат муносабатларини расмийлаштиришни соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда ходимларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.

Хусусан, ишга қабул қилишда талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилмоқда. Таклиф этилаётган тартибга кўра, фуқарони ишга қабул қилишда асосан унинг шахсий идентификация рақами талаб этилади. Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар эса ҳарбий гувоҳнома ёхуд ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома тақдим этиши лозим.

Шу билан бирга, меҳнат муносабатларини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишга киришда электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма бериш бекор қилинмоқда. Шунингдек, электрон рақамли имзо ёки биометрик идентификация (Face-ID) орқали тасдиқланган ҳужжатлар юридик жиҳатдан қўлда имзоланган ҳужжатлар билан тенглаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида меҳнат жараёнида тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга доир нормалар ҳам ўз аксини топган. Жумладан, бундай ҳолатларни тақиқлаш, уларнинг олдини олиш ва жабрланган ходимларни ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда.

Бундан ташқари, иш берувчи томонидан иш ҳақи тўлаш муддати бузилган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун пулли компенсация тўлаш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

UzDaily · 👁 169 views · 06.05.2026 · 19:40