Иқтисод

Ўзбекистонда Škoda Group билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда Škoda Group билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистонда Škoda Group билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди / Фото: Видеодан олинган кадр.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 18 март куни Чехия Республикасининг “Škoda Group” компанияси Ижроия кенгаши раиси ва Бош директори Петр Новотний ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда “Škoda Group” компаниясининг савдо бўйича вице-президенти Роман Соркин ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.

Škoda Group— Чехиядаги йирик машинасозлик компанияси бўлиб, асосан транспорт воситалари ва уларнинг компонентларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳозирги кунда Škoda Group таркибига турли йўналишдаги корхоналар киради, жумладан:

Škoda Transportation: Трамвайлар, электровозлар ва бошқа жамоат транспорт воситаларини ишлаб чиқаради.

Škoda Auto: Автомобиллар ишлаб чиқарувчи бўлиб, 1991 йилдан бери Volkswagen Group таркибига киради.

Мулоқот давомида томонлар транспорт соҳасини ривожлантириш, жумладан, темирйўл инфратурилмасини ривожлантиришда ҳамкорлик истиқболлари ва йўналишларини кўриб чиқиш юзасидан муҳокамалар олиб борди. Хусусан:

·       темирйўл инфратузилмаси ва ҳаракат таркибларини модернизация қилиш;

·       илғор ва энергия тежамкор технологияларни кенг жалб қилиш;

·       муваффақиятли халқаро тажрибалардан самарали фойдаланиш;

·       янги авлод электр поездларини ишлаб чиқариш юзасидан тажриба алмашиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда темирйўл соҳасини ривожлантиришда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.

Беҳзод Ҳожиматов
Беҳзод Ҳожиматов

Беҳзод Ҳожиматов журналистика соҳасида катта тажрибага эга. Фаолияти давомида у Ўзбекистондаги турли янгиликлар нашрларида журналист ва муҳаррир сифатида ишлаган. UzDaily'да нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун янгиликлар ёзган ва таҳрир қилган.