Ўзбекистон ёшлари "Келажак муҳандислари" халқаро фестивали ғолибига айланди

Ўзбекистон ёшлари "Келажак муҳандислари" халқаро фестивали ғолибига айланди

Ўзбекистон ёшлари "Келажак муҳандислари" халқаро фестивали ғолибига айланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 28-30 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 1 сентябрь куни ШҲТнинг Тяньцзинь саммитида илгари сурган ташаббуси билан Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва бошқа мамлакатлардан 14 мингга яқин ёш дастурчиларни бирлаштирган "Келажак муҳандислари" халқаро фестивали бўлиб ўтди.

Фестиваль доирасида авиация, агротехнологиялар, машинасозлик, робототехника, "яшил" энергетика, архитектура ва тиббиёт муҳандислиги каби 9 та замонавий муҳандислик йўналиши бўйича кўргазма, олимпиада ва танловлар ўтказилди. Якунда "Келажак муҳандислари" илмий консорциуми ташкил этилгани эълон қилинди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ташкил этилди. Тадбирда таълим, фан ва инновациялар вазирликлари раҳбарлари, ШҲТга аъзо давлатлар университетлари ректорлари, ШҲТ Котибияти, БМТ ва Бутунжаҳон муҳандислик ташкилотлари федерацияси вакиллари иштирок этди.

Мазкур халқаро танловда Ўзбекистон талабалари ҳам ўз салоҳиятини муносиб тарзда намоён этди. Хусусан, 9 турдаги муҳандислик йўналиши бўйича ўтказилган халқаро танловда Олмалиқ давлат техника институти талабалари 3 та совринли ўринга сазовор бўлди.

“ASTRYX” жамоаси First Tech Challenge “China Championship 2026” халқаро турнирига йўлланмани қўлга киритди. “Инженер металлург” жамоаси “Механизмлар эстафетаси” мусобақасида совриндор бўлиш орқали  билимга чанқоқлик, янгиликка интилиш ва жамоавий ишончни  исботлади. Робототехника йўналишида ОДТИ талабалари “Гумонойд роботлар” мусобақасида 3-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон терма жамоаси қабул қилиндилар.

Катта кўламдаги трансформация жараёнлари олиб борилаётган Олмалиқ давлат техника институти талабаларининг бу ютуқлари — шунчаки натижа эмас. Бу меҳнат, ўқиш ва изланиш, ҳақиқий муҳандислик тафаккурининг ёрқин намунасидир. Бу ютуқлар — фақатгина бошланиши. Илмга ишонган, меҳнат ва ақл-заковат майдонида тобланаётган ёшлар келажак яратувчиларидир.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг