Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркия тоғ-кон саноати ҳамда геология соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Ўзбекистон-Туркия бизнес-форуми доирасида Nakkaş Holding компанияси билан келишув имзоланди.
Форум Ўзбекистон-Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича олий даражадаги кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова иштирок этди.
У соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, минерал-хомашё базасини кенгайтириш чора-тадбирлари ҳамда икки томонлама шерикликнинг истиқболли йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Форум доирасида Eksim Holding, Oyak Holding, Limak Yatırım, Cengiz Enerji ва Altınordu Madencilik каби етакчи турк компаниялари вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилди.
Шунингдек, Nakkaş Holding вакиллари билан алоҳида музокаралар бўлиб ўтди.
Уларнинг якунида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди ва тегишли битим имзоланди.