Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитой атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Музокаралар энергетика вазири Шерзод Хўжаев ва «Узатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаевнинг Хитойга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси Хитой Давлат энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи ҳамда Хитой Халқ Республикаси Атом энергияси агентлиги раиси Шань Чжундэ билан учрашувлар ўтказди.
Томонлар энергетика соҳасида стратегик шерикликни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди. Атом энергетикасида Хитой тажрибаси, замонавий технологиялар ва илмий-техник ишланмаларни қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар кун тартибидан атом электр станцияларини хавфсиз ва самарали ишлатиш, ядровий ва радиациявий хавфсизликни таъминлаш, малакали мутахассислар тайёрлаш ҳамда тажриба алмашиш масалалари ҳам ўрин олди.
Учрашувлар якунида томонлар атом энергетикаси соҳасида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.