Ўзбекистон ва Туркия ўртасида зиёрат туризми бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида зиёрат туризми бўйича ҳамкорлик кенгаймоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 24 апрель куни Туризм қўмитаси раиси ўринбосари S.Tadjiyev Туркиянинг “HUITM (Umrah Plus Uluslararası Turizm Marketi)” компанияси ижрочи директори Ҳакан Шаҳин билан учрашув ўтказди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, зиёрат туризмини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида халқаро туризм бозорида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жумладан, Умра зиёратини ташкил этишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Томонлар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим транзит ҳаб сифатида ривожлантириш, хорижий зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш ва хизматлар сифатини ошириш бўйича фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
Халқаро кўргазмаларда амалий ҳамкорликни кучайтириш, жумладан Жакарта, Тошкент, Истанбул, Куала-Лумпур ва Марокаш шаҳарларида ўтказилиши режалаштирилган тадбирларда фаол иштирок этиш, B2B учрашувлар ташкил этиш ва тарғибот материалларини тайёрлаш;
МДҲ давлатларидан келаётган зиёратчилар учун транзит имкониятларини кенгайтириш, хусусан Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари учун Ўзбекистон орқали саёҳатларни ташкил этиш, уларни камида бир кунлик маданий-туристик дастурлар билан қамраб олиш.
Учрашув якунида томонлар келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олдилар ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.