Ўзбекистон ва Сурия савдо ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Сурия савдо ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, Экспортчилар уюшмаси ҳамда тўқимачилик, чармсаноат, автомобилсозлик ва бошқа соҳалардаги йирик тадбиркорлардан иборат делегация Сурия Араб Республикасига ташриф буюрди.
Ташрифдан асосий мақсад — ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар учун янги экспорт бозорларини очиш, ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш ва “Made in Uzbekistan” брендининг халқаро бозордаги ўрнини мустаҳкамлашдан иборат.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси аъзолари ҳамда Ўзбекистоннинг Кувайтдаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Аюбхон Юнусов иштирокида Суриянинг Алеппо шаҳри раҳбарияти ва Савдо палатаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Музокараларда саноат кооперацияси, экспорт-импорт алоқалари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Алеппо Саноат палатаси раиси Назем Деравон ўз нутқида Алеппо шаҳри азалдан тўқимачилик ва совун ишлаб чиқариш бўйича дунёга машҳур марказлардан бири бўлганини таъкидлаб, бугунги кунда шаҳар яна тикланиш ва иқтисодий ривожланиш босқичига кирганини қайд этди.
Томонлар мазкур ташриф Ўзбекистон ва Сурия ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини таъкидлади.