Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Технологиялар

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони рақамли тиббиётни ривожлантирмоқда

UzDaily таҳририяти · 28.07.2026 · 12:55 · 30 views
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони рақамли тиббиётни ривожлантирмоқда

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони рақамли тиббиётни ривожлантирмоқда / Сурат: Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимизда бўлиб турган Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жалажил бошчилигидаги делегация Ягона интегратор – «Uzinfocom»да бўлиб, юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ечимларини амалиётга кенг жорий этиш борасидаги ишлар билан танишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, SEHA Virtual Hospital, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, «Uzinfocom» ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида Халқаро кўп тармоқли виртуал кардиология комиссияси фаолиятига старт берилди.

Мазкур ташаббус икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мураккаб клиник ҳолатларни етакчи маҳаллий ва халқаро мутахассислар иштирокида масофадан муҳокама қилиш ҳамда беморларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Тадбир доирасида ушбу комиссиясининг илк йиғилиши ҳам ўтказилиб, рақамли технологиялар орқали кардиологик касалликларни ташхислаш ва даволашга оид мураккаб клиник ҳолатлар етакчи экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Шунингдек, томонлар рақамли соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташаббусларни изчил амалга ошириш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.