Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Руминия ўзбекистонликларни Руминияда ишга жойлаштиришни ташкил этиш ҳамда виза расмийлаштириш тартибларини соддалаштириш имкониятларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
27 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Руминиянинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Кристиан Чобану билан учрашди.
Томонлар консуллик-ҳуқуқий масалалар ва миграция соҳасидаги ҳамкорликни кўриб чиқди. Жумладан, Ўзбекистон фуқароларини Руминияда ишга жойлаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимни тайёрлаш ҳамда виза расмийлаштириш тартибларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Руминия рекрутинг компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш имкониятлари ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Шунингдек, уларнинг республикадаги хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаб, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.