Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва БМТ Туризм ташкилоти маданий туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда миллий ҳунармандчиликни хорижда тарғиб қилиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм қўмитаси хабар берди.
Президент администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти бошлиғи Гаянэ Умерованинг БМТ Туризм ташкилоти бош котиби Шайха Ал Нувайс билан учрашуви 2027 йил — Барқарор ва бардошли туризм халқаро йилининг очилиш маросими доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар ўзбек ҳунармандчилик меросини халқаро бозорларда тарғиб қилиш имкониятларини кўриб чиқди. Хусусан, каштачилик, гиламдўзлик ва бошқа халқ ҳунармандчилиги анъаналарини намоён этувчи усталарнинг хориждаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари ушбу соҳада қўшма халқаро лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
2027 йилнинг Барқарор ва бардошли туризм халқаро йили деб эълон қилиниши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси натижаси бўлди.
Ушбу таклиф 2023 йилда Самарқандда бўлиб ўтган БМТ Туризм ташкилоти Бош ассамблеясида илгари сурилган. Ташаббус БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган.