7
Ўзбекистон

Янги Тошкент $7,18 млрдлик 20 та лойиҳага инвестор жалб қилди

Янги Тошкент $7,18 млрдлик 20 та лойиҳага инвестор жалб қилди
Янги Тошкент $7,18 млрдлик 20 та лойиҳага инвестор жалб қилди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Янги Тошкентда умумий қиймати 7,18 млрд долларни ташкил этувчи 20 та йирик инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Уларни амалга ошириш учун ҳукумат махсус шарт-шароитларни, жумладан, солиқ ва божхона имтиёзларини, шунингдек, ер участкаларини тақдим этишнинг янги механизмларини назарда тутган.

Йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чоралари 27 ноябрь куни Тошкентда 2026 йил 10 ноябрдаги ПФ-243-сон Президент фармони ижросига бағишланган матбуот анжуманида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Саидқаҳҳор Холхўжаевнинг маълум қилишича, ҳужжат инвесторлар билан «давлат — инвестициявий ҳамкор» тамойили асосида ишлаш моделини жорий этади. У лойиҳаларни ер ажратишдан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча босқичларда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маъмурий тўсиқларни бартараф этишни назарда тутади.

«Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими Янги Тошкент ва Самарқанддаги «Ширин» массивида амал қилади. У қиймати 50 млн доллардан бошланадиган шаҳарсозлик лойиҳаларининг тўққизта тоифасига татбиқ этилади.

Улар қаторига баланд қаватли бинолар, меҳмонхона ва бизнес мажмуалари, савдо марказлари, тематик парклар, курортлар, шунингдек, таълим, тиббиёт, маданият, спорт ва инфратузилма объектлари киради. Айрим халқаро меҳмонхона брендлари учун минимал инвестиция миқдори бўйича талабдан истисно назарда тутилган.

Қўллаб-қувватлаш механизмларидан бири сифатида қурилишга тайёрланган, муҳандислик тармоқларига уланишнинг техник шартлари олдиндан белгиланган ер участкаларини тақдим этиш кўзда тутилган. Очиқ аукционлардан ташқари, инвесторларнинг ташаббускорлик таклифлари асосида рақобатли танлов ўтказиш имконини берувчи Swiss Challenge механизми ҳам жорий этилмоқда.

Инвестициялар ҳажмига қараб, ер участкасининг бошланғич қиймати бир квадрат метр учун 1 долларгача пасайтирилиши мумкин. Бўнак тўлови 10 фоизгача қисқартирилади, қолган суммани эса қурилиш муддати доирасида етти йил давомида фоизсиз тўлаш мумкин бўлади.

Объект фойдаланишга топширилганидан кейин инвестор қонунда назарда тутилган ҳолларда ер участкасини мулк қилиб расмийлаштириши ёки 49 йилгача муддатга ижара ҳуқуқини олиши мумкин. Ижара муддатини узайтириш имконияти ҳам мавжуд. Бунда ер учун қўшимча тўлов ундирилмайди. Инфратузилма харажатлари бир йўла тўланган тақдирда эса 20 фоиз чегирма берилади.

50 млн доллардан бошлаб инвестиция киритиладиган лойиҳалар учун 20 йил муддатга ер солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилиш белгиланган. Объектларни сотиш ва ижарага беришдан олинадиган фойда солиғи ставкаси тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажмига қараб, беш йилдан 15 йилгача бўлган давр учун 1 фоизни ташкил этади.

2040 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда қайта инвестиция қилинадиган дивидендлар солиққа тортилмайди. Меҳмонхоналар қурилишида инвесторларга субсидиялар ҳам берилади: уч юлдузли меҳмонхоналардаги ҳар бир номер учун 40 млн сўм, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналарда эса 65 млн сўм. Хорижий инвесторлар учун қонунчиликдаги салбий ўзгаришлардан ҳимоя қилувчи 10 йиллик кафолат ҳам белгиланган.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги лойиҳаларни мувофиқлаштириш бўйича оператор этиб белгиланган. Ҳар бир инвесторга шахсий менежер бириктирилади, мурожаатлар эса индивидуал рақам берилган ҳолда рақамли тизимда рўйхатга олинади. Қурилиш жараёнини реал вақт режимида кузатиб бориш режалаштирилган.

Шунингдек, инвестиция келишувининг янги таҳрири тайёрланган бўлиб, унда томонларнинг мажбуриятлари, инвестиция ҳажмлари ва объектларни фойдаланишга топшириш муддатлари мустаҳкамланади. Вазирлик бундай келишувлар реестрини юритади ва уларнинг бажарилиши юзасидан ҳар чоракда ҳисобот тақдим этади.

Янги Тошкентда ишлаб чиқилаётган 20 та лойиҳадан 11 та хорижий давлат инвесторлари иштирокида амалга оширилиши режалаштирилган 5,8 млрд долларлик 12 та ташаббус ўрин олган. Яна 1,37 млрд долларлик саккизта лойиҳани маҳаллий бизнес вакиллари иштирокида амалга ошириш кўзда тутилган. Лойиҳалар 339 гектар майдонни қамраб олиб, 5,8 млн квадрат метр кўчмас мулк қурилишини назарда тутади.

Бундан ташқари, умумий қиймати 728 млн доллар бўлган 17 та қўшимча ер участкаси аукционларга тайёрланган.

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 35 та мамлакатда инвестиция тақдимотларини ўтказиш жадвали шакллантирилган. Сентябрь–ноябрь ойларида Ўзбекистоннинг 19 та давлатдаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида музокаралар, роуд-шоулар ва хорижий инвесторларнинг ташрифларини ўз ичига олган 108 та тадбир ўтказилди. Яна 52 та учрашув ва ташриф режалаштирилган.

Шаҳарсозликни молиялаштириш манбаларини кенгайтириш мақсадида 2026 йил охирига қадар Кўчмас мулк инвестиция фондлари (REIT) учун ҳуқуқий асос яратишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш режалаштирилган. Шунингдек, давлат кўчмас мулки негизида дастлабки инвестиция фондини ташкил этиш ва кейинчалик унинг акцияларини IPO орқали жойлаштириш кўзда тутилган.

Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директорининг ўринбосари Мақсуд Аббосхоновнинг маълум қилишича, шаҳар қурилиши учун ажратилган 20 минг гектар майдондан биринчи босқич 6 минг гектарни қамраб олади. Ушбу ҳудудда умумий қиймати 50 млрд долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳозирга қадар 2 млрд долларлик ишлар бажарилган, қиймати 1 млрд доллар бўлган еттита объект фойдаланишга топширилган.

18 км автомобиль йўллари қурилган, муҳандислик тармоқлари ётқизилган, энергетика, ижтимоий ва рекреация инфратузилмаси объектлари барпо этилган.

Салоҳиятли инвесторлар учун махсус newtashkent.uz платформаси фаолият юритмоқда. Унда мавжуд ер участкалари ва лойиҳаларни амалга ошириш шартлари ҳақида маълумот жойлаштирилган, шунингдек, таклифларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилган.

Божхона қўмитаси раисининг ўринбосари Нодир Мусамухамедов қурилиш даврида тақдим этиладиган божхона преференциялари ҳақида маълумот берди. Инвесторлар, пудратчилар ва субпудратчилар ўз эҳтиёжлари учун техника, ускуналар, материаллар ва жиҳозларни олиб киришда божхона божларини тўлашдан озод этилади.

Имтиёз қўлланган ҳолда олиб кириладиган товарлар қиймати лойиҳа қийматига қараб, инвестициялар суммасининг 30–70 фоизи билан чекланган. Бундан ташқари, бош пудратчилар ва лойиҳа ташкилотлари Ўзбекистонда фаолият юритмайдиган хорижий компаниялардан сотиб оладиган хизматлар ҚҚСдан озод этилади.

Лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш учун Fast Track механизми назарда тутилган. У лойиҳалаштириш, харидлар ва қурилиш ишларини параллел равишда олиб бориш, жумладан, қурилиш ишларини кеча-кундуз ташкил этиш имконини беради.

Бундай шароитда божхона органлари электрон маълумот алмашинуви, хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва имтиёзлар асосида олиб кирилган товарлардан белгиланган мақсадларда фойдаланилишини назорат қилиш механизмларини қўллайди.

Матбуот анжумани иштирокчиларининг сўзларига кўра, шунга ўхшаш ёндашувларни бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш режалаштирилган.

Бундай механизмлардан фойдаланилаётган лойиҳалар қаторида Янги Қаршидаги шаҳарсозлик ташаббуси ва Паркент туманидаги «Қумушкон» йил давомида фаолият юритувчи тоғ курорти ҳам бор.

 

:

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.