7
Ўзбекистон

Ўзбекистон Ҳиндистон билан ШҲТ форумида маданий ва туристик лойиҳаларни муҳокама қилди

Ўзбекистон Ҳиндистон билан ШҲТ форумида маданий ва туристик лойиҳаларни муҳокама қилди
Ўзбекистон Ҳиндистон билан ШҲТ форумида маданий ва туристик лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: «Дунё» ахборот агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Маданият вазири ўринбосари Санжар Бобожонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Ҳиндистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Цивилизациялар мулоқоти биринчи форумида иштирок этди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Форум Ҳиндистон Маданият вазирлиги ва Индира Ганди номидаги Миллий санъат маркази томонидан ташкил этилди. Тадбирда 22 мамлакатдан 116 нафар делегат, жумладан, ШҲТ Бош котиби Нурлан Ермекбаев, вазирлар ва уларнинг ўринбосарлари, дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, шарқшунослар, археологлар ҳамда реставраторлар иштирок этди.

Очилиш маросимида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди маданий ва тарихий ҳамкорлик Евросиёда ишонч, тинчлик ва барқарорликнинг асоси бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Ҳиндистон Маданият ва туризм вазири Гаджендра Сингх Шекхават форумни ҳар икки йилда бир марта ўтказишни таклиф қилди.

Санжар Бобожонов ўз нутқида Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги тарихий маданий алоқалар, Буюк ипак йўлининг аҳамияти ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, у ёдгорликларни сақлаш, музейлар соҳасини ривожлантириш ва номоддий маданий меросни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чораларга тўхталди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, «Санъат ва меъморчилик» ҳамда «Тил, адабиёт, ёзув ва қўлёзма анъаналари» мавзусидаги сессияларда иштирок этди.

Форумда меъморий ёдгорликлар ва Шарқ қўлёзмаларини сақлаш, маданий меросни ўрганишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар маданий бойликларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, тарихий объектларни иқлим ўзгариши оқибатларидан ҳимоя қилиш ҳамда ШҲТ мамлакатларининг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш учун қўшма номинацияларини тайёрлаш масалаларини ҳам кўриб чиқди.

Ҳиндистон Маданият вазири ўринбосари Вивек Агравал билан алоҳида учрашув бўлиб ўтди. Томонлар Нарендра Модининг 29–30 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларнинг бажарилишини кўриб чиқди.

Музокаралар якунида икки мамлакат Маданият кунларини ўтказиш, ижодий жамоаларнинг ўзаро гастролларини ташкил этиш, халқаро фестивалларда иштирок этиш ва қўшма музей кўргазмаларини уюштириш жадвали келишиб олинди. Шунингдек, тегишли олий таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва қўшма туристик йўналишларни ишлаб чиқишга қизиқиш билдирилди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси «Сангит Натак» Миллий мусиқа, рақс ва драма академиясига ҳам борди. У ерда академия раиси Сандхья Пуреха ва котиби Ражу Дас билан учрашув ўтказилди.

Томонлар академиянинг Ўзбекистон маданият муассасалари билан ҳамкорлиги, Маданият кунлари ва халқаро фестиваллар доирасида ижодий жамоаларнинг ўзаро чиқишларини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Бундан ташқари, қўшма маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.