7
Молия

Ўзбекистон банкларининг жами капитали 154,7 трлн сўмга етди

Ўзбекистон банкларининг жами капитали 154,7 трлн сўмга етди
Ўзбекистон банкларининг жами капитали 154,7 трлн сўмга етди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон тижорат банкларининг жами капитали 154,7 трлн сўмни ташкил этди. Бир йил давомида ушбу кўрсаткич 17,4 фоизга ошди.

Банкларнинг устав капитали 101,4 трлн сўмга етди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 8,9 фоизга юқори.

Эълон қилинган маълумотларга кўра, жами капитали 2 трлн сўмдан 5 трлн сўмгача бўлган банклар сони еттитадан саккизтага кўпайди. Капитали 5 трлн сўм ва ундан ортиқ бўлган банклар сони эса 10 тадан 11 тага етди.

Банкларни устав капитали миқдори бўйича тақсимлашда ҳам ўзгаришлар кузатилди. Устав капитали 2 трлн сўмдан 5 трлн сўмгача бўлган банклар сони бештадан еттитага ошди. Ушбу гуруҳнинг банк тизими жами устав капиталидаги улуши 17,3 фоиздан 22,7 фоизга кўтарилди.

2026 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, 35 та тижорат банкининг жами капитали 154,744 трлн сўмни ташкил этди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 131,793 трлн сўмга тенг бўлган. Шу даврда банкларнинг устав капитали 93,164 трлн сўмдан 101,434 трлн сўмга ошди.

Жами капитал таркибида энг катта улуш — 38,7 фоиз — капитали 10 трлн сўмдан юқори бўлган тўртта банк ҳиссасига тўғри келди. Капитали 5 трлн сўмдан 10 трлн сўмгача бўлган яна еттита банк эса жами капиталнинг 33,9 фоизига эга бўлди.

Устав капитали таркибида 10 трлн сўмдан юқори кўрсаткичга эга бўлган тўртта банкнинг улуши умумий ҳажмнинг 41,1 фоизини ташкил этди. Устав капитали 5 трлн сўмдан 10 трлн сўмгача бўлган еттита банкнинг улуши эса 21,5 фоизга тенг бўлди.

Шундай қилиб, бир йил давомида банк тизими капиталининг умумий миқдори ошибгина қолмай, капитали юқори бўлган гуруҳлардаги банклар сони ҳам кўпайди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.