Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Болалар фаровонлигига инвестициялар» жаҳон саммити доирасида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган мулоқот тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратаётгани таъкидланди.
Ҳозирги вақтда кадрлар тайёрлаш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, шунингдек, юқори технологияли тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш бўйича бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тиббий таълим
Тиббий таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда. Тошкентда Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг филиали ташкил этилмоқда.
Лойиҳа доирасида таълим ва клиник базалар, шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркиби шакллантирилмоқда. Бундан ташқари, симуляция ва аккредитация маркази замонавий ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Ҳамкорликнинг янги йўналишлари
Томонлар юқори технологияли тиббий ёрдам соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигига келишиб олдилар. Шунингдек, фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, онкологик ва юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш, шунингдек, Ўзбекистонда ядро тиббиётини ривожлантириш бўйича ҳамкорликнинг яқин истиқболдаги вазифалари белгилаб олинди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб қўйилган «йўл харитаси» имзоланди.