Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Ўзбекистон ва Полша ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди

Дилафруз Ниязова · 17.04.2026 · 11:30 · 226 views
Ўзбекистон ва Полша ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Полша ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки гуруҳининг 2026 йилги баҳорги йиғилишлари доирасида Полша Молия ва иқтисодиёт вазири Анджей Домански билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Полша ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Томонлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳудудий ривожланиш соҳасида Полшанинг муваффақиятли тажрибаси асосида марказлашувни камайтириш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини ошириш, саноат зоналари ва иқтисодий кластерларни ривожлантириш йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, инфратузилмага асосланган иқтисодий ўсишни таъминлаш, инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда ҳудудлараро тафовутларни қисқартириш борасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, саноат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор тармоқларда ўзаро манфаатли шерикликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, амалий натижаларга йўналтирилган қўшма ташаббусларни илгари суриш ва ўзаро алоқаларни янада фаоллаштиришдан манфаатдор эканликларини билдирди.