Ўзбекистон ва Жаҳон банки ислоҳотлар ва лойиҳаларни муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ислоҳотлар ва лойиҳаларни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 15 апрель куни Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақалари бўйича вице-президенти Антонелла Бассани, Тараққиётни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акиҳико Нишио, Операциялар бўйича бошқарувчи директори Анна Берде ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамалар давомида томонлар қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратди:
иқтисодий ўсиш суръатлари, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида эришилаётган натижалар;
Халқаро ривожланиш уюшмаси (IDA) доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, имтиёзли молиялаштириш механизмларидан самарали фойдаланиш;
сув ресурсларини бошқариш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва экологик барқарорликни таъминлаш, хусусан, “Water Forward” ташаббуси доирасида ҳамкорликни кучайтириш;
Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли шерикликни янада чуқурлаштириш, устувор йўналишлари ва истиқболдаги режалар юзасидан янги қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича келишиб олди. Ўз навбатида, Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирди.