Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Иқтисод

Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури Орол денгизи минтақасидаги қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

UzDaily таҳририяти · 24.06.2026 · 11:25 · 20 views
Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури Орол денгизи минтақасидаги қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ва БМТ Тараққиёт Дастури Орол денгизи минтақасидаги қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (UNDP)нинг Ўзбекистондаги вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида томонлар Оролбўйи ҳудудларида аҳоли фаровонлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этиш борасидаги ҳамкорлик натижаларини сарҳисоб қилдилар.

Учрашувда "Оролбўйи ҳудудидаги энг заиф аҳоли қатламларининг барқарорлигини ошириш ва яшил, инклюзив ривожланишини қўллаб-қувватлаш" лойиҳасининг амалга оширилиши жараёни ва эришилган натижалар атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли ва Қораўзак туманларида сув таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича муҳим ишлар амалга оширилди. Натижада 3 минг нафарга яқин қишлоқ аҳолиси сифатли ва тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Лойиҳа нафақат инфратузилмани яхшилаш, балки қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Хусусан, пилот ҳудудлардаги учта ишлаб чиқариш кооперативига техник кўмак кўрсатилиб, ресурс тежовчи агротехнологияларни жорий этиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш имкониятлари кенгайтирилди. Бугунги кунда ушбу кооперативлар ҳар йили 70 дан ортиқ фермер хўжаликларига агротехник хизматлар кўрсатиб, 3000 гектардан зиёд ер майдонида самарали фаолият юритмоқда.

Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, лойиҳанинг 2027–2031 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичини амалга ошириш масалалари, янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Оролбўйи ҳудудларида экологик муаммоларни юмшатиш, қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда замонавий қишлоқ хўжалиги амалиётларини кенг жорий этиш борасидаги ҳамкорлик келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Учрашув якунида томонлар бугунги кунгача эришилган натижаларни юқори баҳолаб, қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш ва яшил иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни янада кенгайтириш юзасидан келишиб олдилар.

UzDaily таҳририяти · 👁 20 views · 24.06.2026 · 11:25