7
Иқтисод

Ўзбекистон Россиядан амалга ошириладиган авиақатновлар йўналишлари сони бўйича етакчи бўлди

Ўзбекистон Россиядан амалга ошириладиган авиақатновлар йўналишлари сони бўйича етакчи бўлди
Ўзбекистон Россиядан амалга ошириладиган авиақатновлар йўналишлари сони бўйича етакчи бўлди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишки мавсумда Россия авиакомпанияларининг халқаро йўналишлари сони бўйича хорижий мамлакатлар орасида биринчи ўринни эгаллади. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича Хитой ва Туркиядан ўзиб кетди. Бу ҳақда Россия Транспорт вазирлиги хабар берди.

Қишки парвозлар жадвалида Россия авиакомпаниялари жами 39 та мамлакатга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмоқда. Россия Транспорт вазирлиги Росавиация билан ҳамкорликда халқаро йўналишлар сони энг кўп бўлган ўнта давлат рейтингини тайёрлади.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳиссасига 70 та йўналиш тўғри келади. Хитой 63 та, Туркия эса 46 та йўналиш билан кейинги ўринларни эгаллаган. Кейинги ўринларда 33 та йўналиш билан Миср, 32 та йўналиш билан Вьетнам ва 29 та йўналиш билан Тожикистон жойлашган.

Биринчи ўнталикнинг қолган қисмидан Таиланд (27 та йўналиш), Қозоғистон (24), БАА (20) ва Арманистон (19) ўрин олган.

Росавиация ушбу йўналишларга хизмат кўрсатаётган Россия авиакомпаниялари сони ҳамда парвозлар амалга ошириладиган шаҳарлар ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим этди.

Ўзбекистонга Россиянинг 17 та шаҳрида 10 та авиакомпания рейсларни амалга оширади. Хитойга 14 та учиш нуқтасидан 11 та авиакомпания, Туркияга эса 25 та шаҳардан 11 та авиакомпания парвоз қилади.

Мисрга Россиянинг 12 та шаҳридан тўртта авиакомпания, Вьетнамга 10 та шаҳардан тўртта, Тожикистонга эса 14 та шаҳардан тўртта авиакомпания рейсларни амалга оширади.

Таиландга ҳам тўртта авиакомпания хизмат кўрсатади. Ушбу мамлакатга Россиянинг 10 та шаҳридан парвоз қилиш мумкин.

Қозоғистонга Россиянинг саккизта шаҳридан еттита авиакомпания парвоз қилади. БАА йўналишига 13 та шаҳардан олтита авиакомпания, Арманистонга эса 11 та шаҳардан саккизта авиакомпания хизмат кўрсатади.

Вазирлик қишки мавсумда очиладиган ва қайта тикланадиган янги авиайўналишларни ҳам санаб ўтди. 30 октябрдан бошлаб S7 авиакомпанияси Новосибирскдан Мале шаҳрига рейсларни амалга оширмоқда. 4 ноябрь куни Иорданиянинг Royal Jordanian авиакомпанияси Аммандан Махачқалага янги йўналишни очди.

13 ноябрдан Вьетнамнинг Sun Phuquok авиакомпанияси Фукуок оролидан Москвага рейсларни йўлга қўйиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 1 декабрдан Saudia авиакомпанияси Жиддадан Москвага парвозларни қайта тиклаши керак.

Авиаташувларнинг куз-қиш мавсуми жадвали 2026 йил 25 октябрдан 2027 йил 27 мартгача амал қилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.