Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раҳбарлик қилишга тайёрланмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 31 август – 1 сентябрь кунлари Белград шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати ташкил этилганининг 65 йиллигига бағишланган юқори даражадаги Хотира учрашувида иштирок этди.
Тадбирда 30 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, давлат ва хукумат раҳбарлари, парламентлар раислари, бош вазирлар ўринбосарлари, вазирлар бошчилигидаги делегациялар қатнашди.
Тадбирнинг очилиши маросимида Сербия Президенти нутқ сўзлаб, 1961 йилда Қўшилмаслик ҳаракатининг биринчи конференцияси ўтказилган жой сифатида Белграднинг тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Ҳаракатнинг асосий тамойиллари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолаётганини қайд этди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари нутқида Қўшилмаслик ҳаракатининг бугунги кундаги аҳамияти ва Ўзбекистоннинг 2027–2030 йиллардаги раислигига тайёргарлик ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан халқаро минбарларда илгари сурилган тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, иқтисодий ҳамкорлик, иқлим ўзгариши ва ёшлар масалаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташаббуслар устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
Тадбир доирасида Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич Ўзбекистон делегацияси билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар икки давлат Президентлари ўртасида йўлга қўйилган фаол мулоқот асосида жадал суръатларда ривожланиб бораётгани эътироф этилди.
Парламентлараро мулоқот, иқтисодиёт, инвестициялар, савдо ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик кўламини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, Сербия Республикаси Халқ йиғилиши спикери ўринбосари Марина Рагуш ва бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.