Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фуқароларнинг «Халқ банки»дан Пенсия жамғармасига ўтказилгандан кейин жамғариб бориладиган пенсия маблағларини инвестиция компанияларига бошқарувга бериш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда 25 сентябрь куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Муродбек Атажанов пенсия ислоҳоти лойиҳасига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Атажановнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда жамғариб бориладиган маблағлар Пенсия жамғармасига ўтказилади. Бунда жамғариб бориладиган пенсия тизими ва Пенсия жамғармаси алоҳида юридик шахс мақомини сақлаб қолади. Улар учун мустақил кузатув кенгашлари ва бошқарув органлари, шунингдек, алоҳида стратегик ва институционал сиёсат назарда тутилган.
Кузатув кенгаши таркибига маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари, бизнес соҳаси ва хорижий экспертларни киритиш режалаштирилмоқда. Пенсия маблағларини бошқариш ва инвестиция сиёсати бўйича қарорларни айнан ушбу орган қабул қилади, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эмас, деди Атажанов.
Шу билан бирга, кейинчалик жамғарилган маблағларни бошқарувга бериш режалаштирилаётган инвестиция бошқарув компанияларини танлаш учун танлов ўтказиш кўзда тутилмоқда. Пенсия жамғармаси раҳбарининг сўзларига кўра, дастлабки босқичда маблағларни бир жойда жамлаш зарур.
Пенсия ислоҳоти лойиҳасида 2027 йилдан бошлаб жамғариб бориладиган пенсия тизимини «Халқ банки»дан Пенсия жамғармаси тасарруфига ўтказиш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, фуқароларнинг жамғариб бориладиган ҳисобварақларидаги маблағлар, жумладан, давлат бюджетидан ажратиладиган қўшимча тўловлар ва ижтимоий солиқ маблағлари, шунингдек, жамғармаларни инвестиция ва молиявий инструментларга жойлаштиришдан олинадиган даромадларни фуқароларнинг шахсий мулки деб ҳисоблаш таклиф этилмоқда. Ушбу маблағларни мерос қилиб қолдириш ҳуқуқини ҳам сақлаб қолиш режалаштирилмоқда.
Пенсия ислоҳоти тўғрисидаги фармон лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 30 сентябрга қадар давом этади.