Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент — Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича тендер жараёнларини 2027 йил биринчи чораги охирига қадар якунлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов O’zbekiston 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, йиғилишда Тошкент — Самарқанд пуллик автомобиль йўли лойиҳасини амалий босқичда амалга оширишга ўтиш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Бундан ташқари, Тошкент — Чорвоқ ҳамда Наманган вилоятини довон билан боғлаши керак бўлган Наманган — Пунган пуллик автомобиль йўллари лойиҳалари устида иш бошлаш режалаштирилмоқда.
Янги лойиҳаларни амалга оширишда қурилиш сифати ва таннархига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, маҳаллий ресурслар, замонавий қурилиш материаллари ва янги технологиялардан кенгроқ фойдаланиш режалаштирилмоқда. Ушбу ишларга Транспорт университети мутахассислари ва ёш олимларни жалб қилиш кўзда тутилган.
Турсунов биринчи Урганч — Хива пуллик автомобиль йўли қурилганидан кейин фойдаланувчиларнинг аксарияти лойиҳани ижобий баҳолаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг мамлакатнинг йирик шаҳарларини тезроқ боғлаш имконини берадиган муқобил автомобиль йўлларини қуришни ишлаб чиқишга қарор қилинган.
Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Ўзбекистонда автомобиллар сони сезиларли даражада ошганини ҳам маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда қарийб 500 мингта автомобиль бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 6 миллионга яқинлашган.
Автомобиллар паркининг ўсиши муносабати билан йўл инфратузилмасини ривожлантириш соҳа олдида турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Турсунов устувор вазифалар қаторида қурилиш ҳажмларини ошириш, икки қаторли йўлларни тўрт қаторли йўлларга кенгайтириш ҳамда хавфсиз ва тўсиқларсиз ҳаракатланиш учун шароит яратишни қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, аҳоли даромадлари ва ҳаракатчанлигининг ортиши янги автомобиль йўлларини қуриш ҳамда транзит транспорт коридорларини кенгайтиришга бўлган эҳтиёжни ҳам оширмоқда.