Ўзбекистон кибержиноятчиликка қарши курашни кучайтиради
Ўзбекистон кибержиноятчиликка қарши курашни кучайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси бўлди.
Кескин ўсиб бораётган кибержиноятларга қарши курашиш, бу билан шахс, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш зарурати ортиб бормоқда.
Расмий маълумотларга кўра, кейинги йилларда банк карталари орқали маблағларни талон-торож қилиш, онлайн фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда. Бу эса мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишнинг самарали комплекс ҳуқуқий механизмларини шакллантиришни тақозо этмоқда.
Қонун лойиҳасида кибержиноятларга қарши курашиш фаолиятида иштирок этувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Жумладан, Ички ишлар вазирлиги ушбу йўналишда ваколатли орган сифатида белгиланяпти.
Давлат органлари, банклар, тўлов ташкилотлари ҳамда Интернет-провайдерларининг масъулияти оширилмоқда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шубҳали молиявий операцияларни мунтазам мониторинг қилиш ва ваколатли органларга тезкор ахборот тақдим этиш каби вазифалар шулар жумласидан.
Кибержиноятлардан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш институти жорий этиляпти. Ҳужжат жабрланганларга ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларнинг қонуний манфаатларини тиклаш, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда молиявий ва рақамли саводхонлигини ошириш каби мақсадларни кўзлагани билан муҳим аҳамиятга эга.
Жавлон АБДУЛЛАЕВ, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари: Лойиҳа доирасида кибержиноятларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган янги механизмлар ҳам жорий этилмоқда. Хусусан, шубҳали транзакцияларни мониторинг қилиш орқали уларни тезкор тўхтатиш, салбий омилларни бартараф этиш бўйича тақдимномалар киритиш ҳамда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш кўзда тутилган.
Мажлисда таъкидланганидек, алоҳида эътибор “молиявий пирамида” кўринишидаги фирибгарлик схемаларига қарши курашишга қаратилмоқда. Бундай ноқонуний фаолиятларни барвақт аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича самарали механизмлар жорий этилмоқда.
Бундан ташқари, соҳада кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалалари ҳам қамраб олинган.
Қонун лойиҳаси юзасидан аниқлаштирувчи саволлар кўтарилди, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Муҳокамалар якунига кўра, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.