Истанбулда 6 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Истанбулда 6 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 8 июнь куни Истанбул шаҳрининг Фотиҳ туманида, Лалели трамвай бекати ҳудудида бахтсиз ҳодиса содир бўлиб, унинг оқибатида Ўзбекистон Республикасининг 6 ёшли фуқароси ҳалок бўлди.
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, бола Туркияда ота-онаси ва яқинлари билан турист сифатида бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, трамвайдан тушганидан сўнг вояга етмаган бола бекат платформаси билан трамвай йўллари орасида қисилиб қолган ва транспорт воситаси ҳаракати натижасида оғир жароҳат олган. У воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирги вақтда Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳодиса ҳолатлари юзасидан тергов олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳалок бўлган боланинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия билдирди. Шунингдек, консуллик хизматлари зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чораларини кўраётгани маълум қилинди.
Мурожаатда таъкидланишича, Истанбулдаги транспорт инфратузилмаси хусусиятлари ва ҳаракат юқори даражада эканини инобатга олган ҳолда фуқароларга вояга етмаганларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш ва болаларни назоратсиз қолдирмаслик тавсия этилган.