Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Сербия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

UzDaily · 16.06.2026 · 22:20 · 19 views
Ўзбекистон ва Сербия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон ва Сербия ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Сербия Республикаси Халқ йиғилишининг “Сербия – Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Александр Маркович билан учрашди.

Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли муносабатлар туфайли Ўзбекистон ва Сербия ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланаётгани, парламентлараро мулоқот эса уни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бирига айланиб бораётгани таъкидланди.

Кейинги йилларда парламентлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашган. Икки томонлама асосда ҳам, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ҳам мунтазам мулоқотлар олиб борилмоқда.

Сенат Раиси бошчилигида парламент делегациясининг июнь ойи бошида Сербияга расмий ташрифи якунларига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг давомида Сербия Республикаси Президенти, Халқ йиғилиши Раиси ва Бош вазир ўринбосари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Сербия Республикаси Халқ йиғилиши ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Англашув меморандуми икки мамлакат парламент аъзоларининг ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратгани қайд этилди. Икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашнинг самарали механизми сифатида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятининг аҳамияти таъкидлаб ўтилди. Уларнинг ўзаро ҳамкорлигининг алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ва уларни қонунчилик йўли билан таъминлаш бўйича парламентлар ҳаракатларини янада мувофиқлаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Суҳбат чоғида жамоатчилик бошқаруви ҳамда давлатнинг аҳоли билан ўзаро ҳамкорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг маҳалла институтини ривожлантириш борасидаги тажрибаси юқори баҳоланиб, унинг ижтимоий масалаларни ҳал этиш, аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш ва жойларда жамоатчилик мулоқотини мустаҳкамлашдаги муҳим роли қайд этилди.

Томонлар халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканлигини тасдиқлаб, ёшлар парламенти ва парламент дипломатияси йўналишида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди. Шу муносабат билан Сербия парламенти аъзоларига 2026 йил 4-6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Парламентлараро иттифоқ ёш парламент аъзоларининг 12-Глобал конференциясида иштирок этиш таклиф этилди.

 

UzDaily · 👁 19 views · 16.06.2026 · 22:20