Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Ўзбекистон аҳолиси 38,5 миллиондан ошди, туғилишлар 32 мингга камайди

UzDaily таҳририяти · 25.07.2026 · 11:25 · 26 views
Ўзбекистон аҳолиси 38,5 миллиондан ошди, туғилишлар 32 мингга камайди

Ўзбекистон аҳолиси 38,5 миллиондан ошди, туғилишлар 32 мингга камайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 38 млн 519,5 минг нафарни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга кўпдир, деб хабар қилди Миллий статистика қўмитаси.

Шундан шаҳар аҳолиси 19 млн 608,9 минг нафарни (50,9 фоиз), қишлоқ аҳолиси эса 18 млн 910,6 минг нафарни (49,1 фоиз) ташкил қилди. Аёллар аҳолининг 49,6 фоизини (19 млн 118,9 минг нафар), эркаклар эса 50,4 фоизини (19 млн 400,6 минг нафар) ташкил этди. Аҳоли зичлиги ҳар бир квадрат километрга 85,8 нафарга етди. Ўтган йили бу кўрсаткич 84,3 нафарни ташкил этган эди.

Ҳудудлар кесимида энг юқори аҳоли ўсиши Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида қайд этилди — ҳар иккисида ҳам 2,1 фоизни ташкил қилди. Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли сони энг кам ўсиб, 1,0 фоизни ташкил этди.

2026 йил январь–июнь ойларида мамлакатда 373,4 минг нафар чақалоқ туғилди. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 32,1 минг нафарга камдир. Туғилиш коэффициенти ҳар минг аҳолига 19,6 промиллени ташкил қилди.

Вафот этганлар сони 2,8 минг нафарга ошиб, 86,9 минг нафарга етди. Ўлим коэффициенти ҳар минг аҳолига 4,6 промиллени ташкил қилди. Ярим йиллик якунлари бўйича аҳолининг табиий ўсиши 286,5 минг нафарни ташкил этди.

Янги туғилган чақалоқларнинг 51,7 фоизи ўғил болалар, 48,3 фоизи қиз болалар бўлди. Шунингдек, туғилган болаларнинг 51 фоизи қишлоқ жойларида дунёга келган. Вафот этганларнинг 55,6 фоизини эркаклар ташкил этган бўлса, вафот этганларнинг 54,4 фоизи шаҳар жойларида яшаган.

Январь–июнь ойларида 92,3 мингта никоҳ қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,0 мингтага кам. Ажралишлар сони эса 1,5 мингтага ошиб, 24,8 мингтани ташкил қилди. Никоҳ коэффициенти ҳар минг аҳолига 4,9 промилле, ажралиш коэффициенти эса 1,3 промиллени ташкил этди. Никоҳларнинг 51,1 фоизи шаҳар жойларида тузилган бўлса, ажралишларнинг 60,1 фоизи ҳам шаҳарлар ҳиссасига тўғри келган.

Ярим йил давомида республика бўйича жами 185,6 минг нафар келганлар қайд этилди. Улардан 183 921 нафари ҳудудлар ўртасидаги ички миграция ҳисобига, 1 649 нафари эса хориждан келган. Шу даврда 189,3 минг нафар кетганлар қайд этилган бўлиб, улардан 5 422 нафари мамлакатни тарк этган.

Ички миграция бўйича энг катта оқим Тошкент шаҳрида — 63,4 минг нафар ва Тошкент вилоятида — 26,9 минг нафарни ташкил қилди.

Мазкур маълумотлар Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг интеграциялашган ахборотлари асосида шакллантирилган бўлиб, 2027 йил 1 июль кунига режалаштирилган аҳолини рўйхатга олишнинг якуний натижалари эълон қилингунига қадарги дастлабки маълумотлар ҳисобланади.