Ўзбекистон Жаҳон банки йиғилишида иқтисодиётни муҳокама қилди
Ўзбекистон Жаҳон банки йиғилишида иқтисодиётни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 апрель куни Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг баҳорги йиғилишлари доирасида «Швейцария гуруҳи»га аъзо-давлатлар Бошқарувчилари ва Бошқарувчи ўринбосарлари иштирокида Конституэнция (Сонституэнсй) учрашуви ташкил этилди.
Мазкур баҳорги йиғилишлар 2026 йил 13–18 апрель кунлари Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтиб, унда дунёнинг турли мамлакатларидан молия вазирлари, марказий банк раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хусусий сектор ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Конституэнция учрашуви Жаҳон банки ва ХВЖ тизимидаги бир гуруҳ давлатлар (конституэнция) вакилларини бир платформада жамлаб, умумий манфаатлар ва ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилишга қаратилган муҳим мулоқот майдони ҳисобланади.
Хусусан, учрашувда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Марказий банк бошқарув раиси Тимур Ишметов, Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев иштирок этиб, мамлакатимиздаги макроиқтисодий тенденциялар, барқарор иқтисодий ўсиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар бўйича маълумотлар билан бўлишди.
Конституэнция учрашув доирасида муҳокамаларда барча ҳамкорлар учун устувор бўлган глобал иқтисодиётдаги мавжуд тенденциялар ва хатарлар, ривожланаётган давлатлар учун молиявий барқарорликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва инклюзив иқтисодий ўсишни рағбатлантириш, инфратузилма, энергетика ва хусусий секторни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик, халқаро молия институтлари билан ўзаро алоқаларни кенгайтириш масалалари алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янги йўналишлар билан ривожлантириш, устувор масалалар юзасидан тажриба ва фикр алмашинув жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.