Ўзбекистон ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашни кучайтиради
Ўзбекистон ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашни кучайтиради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси Ўзбекистон Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини халқаро стандартлар асосида янада мустаҳкамлаш, уларнинг одил судловдан тўлиқ ва тенг фойдаланишини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини манзилли ва самарали ташкил этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, лойиҳада “Ижтимоий реестр”га киритилган оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Унга мувофиқ, ижтимоий хизматлар, нафақалар, имтиёзлар ва бошқа кафолатлар Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга тақдим этилади. Бундан ташқари, Солиқ кодексига ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлашни рағбатлантирувчи қатор имтиёзлар киритилмоқда. Жумладан, И ва ИИ гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган юридик шахслар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланмоқда. Ногиронлиги бўлган ходимларга ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ айрим харажатларни солиқ базасидан чегириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилаётган корхоналар учун, мол-мулк ва ер солиғи бўйича қўшимча енгилликлар бериш таклиф қилинмоқда. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига ортиқча тўланган нафақаларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашдан озод қилиш белгиланяпти.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ундаги нормалар депутатлар берган таклифлар асосида такомиллаштирилди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг манзиллилиги таъминланади, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Қонун лойиҳаси қабул қилинди ва Сенатга юборилди.