Ўзбекистон бокси Жаҳон кубогида финалчилар сони бўйича етакчи
Ўзбекистон бокси Жаҳон кубогида финалчилар сони бўйича етакчи
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Гуйян шаҳрида бокс бўйича халқаро Жаҳон кубоги ҳал қилувчи босқичга етиб келди. Энди мусобақа ишқибозларини фақат олтин медаллар учун кечадиган финал жанглари кутмоқда.
Ярим финал баҳслари якунларига кўра, финалга чиққан боксчилар сони бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мутлақ етакчига айланди. Мамлакат шарафини ҳимоя қилаётган етти нафар боксчи ҳал қилувчи босқичга йўлланма олиб, турнирнинг финал кунида энг катта вакилликни таъминлади.
Ўзбекистон бокс мактаби яна бир бор жаҳон аренасидаги етакчи мақомини намоён этди ва бу кўрсаткич бўйича мезбон Хитой ҳамда бошқа асосий рақибларини ортда қолдирди.
Мамлакатлар кесимида Жаҳон кубоги финалчилари сони қуйидагича шаклланди: Ўзбекистон — 7 нафар, Хитой — 6 нафар, Қозоғистон — 5 нафар, Ҳиндистон — 4 нафар, Франция — 4 нафар, Бразилия — 3 нафар, Англия — 2 нафар, АҚШ — 2 нафар, Италия — 2 нафар, Хитой Тайбэи — 1 нафар, Болгария — 1 нафар, Озарбайжон — 1 нафар, Германия — 1 нафар ва Канада — 1 нафар боксчи.
Финалдаги бундай салмоқли устунлик ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталарининг жисмоний ва тактик тайёргарлиги юқори даражада эканини кўрсатади. Шунингдек, бу натижа терма жамоанинг Жаҳон кубоги умумжамоа ҳисобида ғолиблик учун жиддий даъвогар эканини тасдиқлайди.
Гуйянда бўлиб ўтадиган финал жанглари энг юқори спорт мукофотлари соҳибларини аниқлаб беради ва замонавий жаҳон боксидаги кучлар нисбатини янада ойдинлаштиради.