Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон тижорат банклари 2026 йил январь–август ойларида уй-жой харид қилиш учун 59,2 мингга яқин фуқарога 18,3 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 трлн сўмга кўп.
Ажратилган ипотека кредитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари молиялаштириш манбасига қараб 16,9 фоиздан 21,6 фоизгача бўлган.
Ипотека кредитларининг 74 фоизи, яъни 13,6 трлн сўм маблағ бирламчи уй-жой бозорига йўналтирилган бўлиб, улардан 43 757 нафар қарз олувчи фойдаланган.
Иккиламчи уй-жой бозорига эса 26 фоиз кредит, яъни 4,7 трлн сўм маблағ тўғри келган. Ушбу кредитлардан 15 422 нафар қарз олувчи фойдаланган.
Қарз олувчиларнинг 53 фоизини эркаклар, 47 фоизини эса аёллар ташкил этди. Ёш гуруҳлари бўйича энг катта улушни 31–50 ёшдаги фуқаролар ташкил қилди — 64 фоиз ёки 37 980 нафар. 18–30 ёшдагилар улуши 26 фоиз, яъни 15 224 нафарни, 51 ёшдан катта қарз олувчилар улуши эса 10 фоиз, яъни 5975 нафарни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида кредитлашнинг энг катта ҳажми Тошкент шаҳрида қайд этилди — 5 592 млрд сўм. Кейинги ўринларда Андижон вилояти — 1 591 млрд сўм ва Фарғона вилояти — 1 264 млрд сўм билан қайд этилди.
Банклар орасида кредит ажратиш ҳажми бўйича Халқ банки 2 845 млрд сўм, Агробанк 2 771 млрд сўм, Миллий банк 2 212 млрд сўм ва Ипотека-банк 2 167 млрд сўм кўрсаткич билан етакчилик қилди.
Сўнгги беш йилда ажратилган ипотека кредитлари ҳажми қарийб икки баробарга ошди: 2021 йилдаги 9,8 трлн сўмдан 2025 йил якунида 21,2 трлн сўмга етди.