Наманганда қайиқлар тўқнашувида икки киши ҳалок бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Сирдарё дарёсида икки сайр кқайиқининг тўқнашуви оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Улардан бири воқеа жойида, иккинчиси эса шифохонада вафот этган. Бу ҳақда Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.
Ҳодиса 23 август куни кечқурун содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда воқеа жойидан видеолавҳалар тарқалди.
Кадрларда қайиқлардан бири Сирдарё устидан ўтган кўприк яқинида сувда тургани, иккинчи кема эса унинг томон ҳаракатланаётгани кўринади. Шундан сўнг кўприк остида яна бир қайиқ пайдо бўлади ва тўқнашув содир бўлади.
Тарқатилган бошқа видеоларда одамлар сувда қолган йўловчиларга қайиқ бортига чиқишда ёрдам бераётгани акс этган. Кадрларда қутқарув жилетларини кийган одамларни ҳам кўриш мумкин.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, бир киши тўқнашувдан сўнг воқеа жойининг ўзида ҳалок бўлган. Яна бир жабрланган шахс шифохонада вафот этган.
Агентлик тўқнашган қайиқ бортида қанча киши бўлганига аниқлик киритмади. Ҳодиса сабаблари ҳам Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабарда келтирилмаган.