Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Уйчи туманида дастлабки қиймати 5,6 млрд сўмга баҳоланган, хорижда ишлаб чиқарилган катта миқдордаги дори воситалари сақланаётган омбор аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, омбор нотурар бинолардан бирининг ертўласида ташкил этилган. Унга икки ака-ука эгалик қилган бўлиб, улардан бири фармацевтика маҳсулотларини сотишга ихтисослашган хусусий корхона раҳбари, иккинчиси эса ушбу корхона ходими ҳисобланади.
Тезкор тадбир давомида 412 номдаги 67 923 дона дори воситаси аниқланиб, олиб қўйилди. Маҳсулотлар кейинчалик сотиш мақсадида сақланган.
Олиб қўйилган дори воситаларининг хусусиятлари ва қийматини аниқлаш учун суд-кимё ҳамда товаршунослик экспертизалари тайинланди.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.