Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳоким Ҳайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегацияси Саудия Арабистонининг National Agricultural Development Company (NADEC) компанияси билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонига ишчи ташрифи доирасида Эр-Риёд шаҳрида компаниянинг бош ижрочи директори, доктор Сулаймон бин Абдулазиз Ал-Тувайжрий билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш, Фарғона вилоятида замонавий чорвачилик лойиҳаларини ривожлантириш, шунингдек, NADEC компанияси тайёр маҳсулотларини Ўзбекистон бозорига етказиб бериш масалалари муҳокама қилинди.
1981 йилда ташкил этилган NADEC Саудия Арабистонининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасидаги йирик компанияларидан бири ҳисобланади.
Компания сут чорвачилиги, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларини боқиш ва кўпайтириш, мева-сабзавот етиштириш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш билан шуғулланади.
Компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, уларни қайта ишлаш, қадоқлаш ва истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган жараёнларни қамраб олувчи ишлаб чиқариш тизимига эга.
2025 йил якунларига кўра, NADEC компаниясининг йиллик тушуми 3,5 миллиард Саудия риёлидан ошган.
Учрашув якунида компания вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюришга таклиф этилди. Шунингдек, томонлар ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олдилар.