Ўзбекистон

Мирзиёев тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди

Мирзиёев тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди
Мирзиёев тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги чораларни эълон қилди / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари уларни яқинлашиб келаётган касб байрами билан табриклаб, меҳнати учун миннатдорлик билдирди.

Оиласининг бахтини кўриш, ҳалол меҳнат қилиб, орзуларига етиш, умрини мазмунли ўтказиш учун одамга, аввало, соғлиқ керак. Шу боис, инсон саломатлигини асрашни ислоҳотларимизнинг энг муҳим йўналишларидан бири этиб белгилаганмиз,– деди Президентимиз.

Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда 10 миллион аҳолига хизмат кўрсатадиган янги поликлиника ва шифохоналар ишга тушди, 58 минг шифо ўрни яратилди. Замонавий шифохоналар кўпайиб, хусусий секторга кенг имконият берилгани туфайли тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди.

Илгари чет элда амалга оширилган туғма юрак нуқсонлари, аъзолар трансплантацияси, робот жарроҳлиги ва бош миядаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари каби юздан зиёд хизматлар бугун мамлакатимизда бажарилмоқда.

Президентимиз бу натижаларда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳорати ҳал қилувчи ўрин тутаётганини қайд этди.

Тиббиётни рақамлаштириш бўйича ишлар хусусий клиникалар ва дорихоналарни ҳам қамраб олмоқда.

Яқинда бу тизимни сунъий интеллект имкониятлари билан янада бойитиб, шифокор ва ҳамшираларнинг ҳақиқий кўмакчисига айлантирамиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Фармацевтика товарларининг 70 фоизини ички имкониятлар ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган. Шу боис, сўнгги йилларда 1 миллиард долларлик 330 та янги қувват ишга туширилди.

“Тошкент биофарм сити” кластери, Андижон, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятида фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ташкил этилди. Уларда 1 миллиард 200 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Президентимиз тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ўзгаришларда 800 мингдан зиёд ходимнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.

Яқинда соҳа фидойиларининг бир гуруҳини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳақида фармон имзоланди. Улар орасида тиббиёт ходимлари билан бирга тадбиркорлар ва хорижлик ҳамкорлар ҳам бор.

Учрашувда мамлакатимиз етакчиси давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Инсон саломатлигини асраш, илғор илмий ишланмалар ва даволаш усулларини жорий этишда барчага ўрнак бўлаётган тиббиёт ходимлари учун алоҳида давлат мукофотини таъсис этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. У буюк бобомиз Ибн Сино номи билан аталади.

– Доим айтаман, бирламчи бўғин қанча яхши ишласа, халқимиз шунча соғлом бўлади,– деди Президентимиз.

Шу мақсадда 28 та туманда бирламчи тиббий ёрдам сифатини ошириш бўйича янги тизим синовдан ўтказилди. Ушбу туманларда 7 миллион аҳоли оилавий шифокорларга номма-ном бириктирилди, икки томоннинг вазифа ва мажбуриятлари ўзаро битимда белгиланди.

Янги лабораториялар ишга туширилиб, шифокор ва ҳамширалар ўқитилди, “бемор маршрути” ишлаб чиқилди. Бу поликлиникаларга аҳоли ишончини оширди. Кафолатланган пакет доирасида амбулатор беморларга 69 турдаги дори воситаси бепул берилмоқда.

Бирламчи бўғинда самара берган ушбу модель келаси йилдан яна 100 та туманда йўлга қўйилади.

Президентимиз ошқозон, йўғон ичак, простата бези ва ўпка саратонини эрта аниқлаш ишлари Самарқанддан бошланиб, 2028 йилдан барча ҳудудларда жорий этилишини маълум қилди. Бунга йилига 700 миллиард сўм ажратилади.

Қандли диабет, сил, юрак-қон томир касалликлари, аёллардаги ўсмалар ҳамда болалардаги онкогематологик хасталикларни эрта аниқлаш дастурлари ҳам давом эттирилади.

Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд ва Тошкент шаҳрида инфаркт ва инсультни эрта аниқлаш ҳамда даволаш дастури натижасида ушбу касалликлардан эрта ўлим беш ойда 15 фоизга камайди. Касаллик бошланишидаги “олтин соат”да 855 нафар инсон эрта ўлим ва ногиронлик асоратларидан сақлаб қолинди. Келаси йил дастурга 280 миллиард сўм ажратилиб, барча туман ва шаҳарлар қамраб олинади.

Аҳоли учун кафолатланган пакет ҳам кенгайтирилади. Келаси йил бепул дори воситалари тури 73 тага, тиббий текширувлар тури 36 тага етказилади.

Давлатимиз раҳбари соҳада таълим, қурилиш ва санитария-гигиена, беморлар хавфсизлиги ҳамда ходимлар маданиятини қамраб оладиган “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари” жорий этилишини маълум қилди.

Ҳар қандай инсон поликлиникага кирганда, аввало, озодаликни, тартибни, маданиятни кўриши керак,– деди Президентимиз.

Шу боис, бирламчи бўғин тиббиёт ходимлари босқичма-босқич махсус кийим-бош билан бепул таъминланади.

Жорий йил илк бор туман бўғинидаги энг яхши шифокор ва ҳамшира номинациялари бўйича вилоят танловлари ўтказилмоқда. Ғолиблар 30 миллион сўмдан мукофотланади.

Келаси йил рағбат янада кучайтирилади: вилоят босқичида ғолиб бўлган 14 нафар шифокор электромобил билан тақдирланади. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қиладиган энг яхши ўнта лойиҳа муаллифига 200 миллион сўмдан грант берилади.

Қанча замонавий клиникалар қурмайлик, энг сўнгги ускуналарни олиб бермайлик, малакали ходимларсиз натижа бўлмайди,– деди Президентимиз.

Бугун 11 та давлат олийгоҳида йилига 15 минг шифокор тайёрланмоқда. Бироқ битирувчиларнинг ҳаммаси ҳам ишга кирган биринчи кундан бемор билан ишлашга тайёр эмас.

Бошқа соҳада ёш ходим хато қилиши мумкин, аммо бўлғуси шифокорнинг бунга ҳаққи йўқ. Чунки тиббиёт ходимининг ҳар бир ҳаракати ортида инсон ҳаёти турибди,– деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, кадрлар тайёрлаш клиник амалиёт билан боғланади. Келаси йилдан талабалар ҳафтада уч кун бемор билан ишлашни ўрганади, битирувчилар эса охирги ўқув йилида тўлиқ тиббиёт муассасасида амалиёт ўтайди.

Бакалавриатни битирган ҳамшира ва тиббиёт оғасига 1,5 миллион сўм, магистратурани тугатганларга 2,5 миллион сўм қўшимча устама тўланади. Оилавий шифокорлик бўйича тор соҳа мутахассисига устама 5,5 миллион сўм бўлади.

Кун сайин тиббиётга янги технологиялар, замонавий диагностика ва даволаш усуллари кириб келмоқда.

Тиббиёт ходимлари доим ўз устида ишлаши, янгиликлардан ортда қолмаслиги керак! – деди Президентимиз.

Шу боис, ходимлар малакасини оширишга хусусий сектор фаол жалб этилади. Тиббиёт ходимлари қаерда малака оширишни ўзлари мустақил танлайди.

Бирламчи бўғин ва туманлардаги ходимларнинг малака ошириш харажатлари тўлиқ қопланади. Мазкур харажатларни давлат ўз зиммасига олади.

Натижада туманларда ишлайдиган 130 минг тиббиёт ходимининг ҳар йили 100 миллиард сўм маблағи ўзида қолади.

Аҳоли саломатлиги билан боғлиқ соҳада аниқ тартиб, қатъий назорат бўлиши, бу фаолият билан фақат профессионаллар шуғулланиши керак,– деди мамлакатимиз етакчиси.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимига узоқ тайёргарлик кўрилди, илғор тажрибалар ўрганилди. Тизим келаси йил 1 июлдан йўлга қўйилади.

Дастлабки босқичда давлат рўйхатидан ўтиш ихтиёрий бўлади. 2030 йилдан эса бу тартиб мажбурий тус олади.

Рўйхатдан ўтган шифокор ва фармацевтларнинг иш ҳақига 7 миллион сўмдан, ҳамшираларга 3,5 миллион сўмдан устама тўланади.

Мутасаддиларга соҳада таълим сифати, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаш топширилди.

Президентимиз хусусий клиникалар сони 2017 йилдаги 3,5 мингтадан 9 мингтадан ортиққа етганини қайд этди. Айрим юқори технологик хизматларда хусусий сектор олдинга ўтди: унинг улуши стоматологияда 90 фоиз, диагностикада 70 фоиз, ЛОР хизмати, урология ва офтальмологияда 60 фоизни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудлар ўртасида катта тафовут сақланиб қолмоқда. Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида хусусий клиникаларнинг 35-40 фоизи стационар ўринларга эга. Қорақалпоғистон, Сирдарё, Жиззах ва Навоийда бу кўрсаткич 15 фоизга ҳам етмайди.

Тиббий реабилитация, нефрология, онкология, нейрохирургия, психиатрия, наркология ва туғуруқ комплекслари каби талаб юқори йўналишларда хусусий сектор иштироки кутилган даражада эмас. Ушбу йўналишларга устувор аҳамият қаратилади.

Ҳокимлар ҳар йили хусусий клиникалар учун ер участкаларини белгилаб, эълон қилади. Ерлар фақат шу мақсадда аукционга чиқарилади ва қулай шартларда таклиф этилади.

Аҳоли сони ортиб, янги шаҳар ва массивлар қурилаётгани тиббиёт инфратузилмасини пухта режалаштиришни талаб этмоқда. Бу иш қилинмаса, бир жойда шифохона етишмайди, бошқа жойда мавжуд қувват тўлиқ ишлатилмайди.

Шу боис, энди янги муассасалар аҳоли сони ва ҳудудлар жойлашувидан келиб чиқиб, мастер-режа асосида ташкил этилади,– деди Президентимиз.

Тиббий хизматларни босқичма-босқич хусусий сектордан харид қилишга ўтилади. Янги аутсорсинг механизмлари жорий қилинади.

Тадбиркорларга замонавий ускуналарни ўрнатиш учун давлат шифохоналаридан жой ажратилиб, кўрсатилган хизматларга суғурта тизими орқали ҳақ тўланади. Гемодиализ, лаборатория, стерилизация, реабилитация ва физиотерапия хизматлари ҳам тадбиркорлардан харид қилинади. Ҳар бир ҳудудда тиббий хизматлар бозори ва молиялаштириш механизмлари тадбиркор учун фойдали шартларда эълон қилиб борилади.

Президентимиз келаси йил ҳар бир ҳудудга камида 150 миллион доллар инвестиция ва грант жалб қилиш вазифасини қўйди. Бу борада ҳудудлар раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Дунё тиббиётида геномика, ҳужайра ва биотехнологиялар орқали илгари даволаш имконсиз бўлган кўплаб касалликларга ечим топилаётганини қайд этилди. Бироқ илмий тараққиёт инсон олдидаги масъулиятни ҳам оширади.

Инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотларда унинг ҳуқуқи, розилиги ва қадр-қиммати биринчи ўринда туриши шарт, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, биоэтика ва биотехнология соҳалари учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилади.

Гарвард тиббиёт мактаби билан ҳамкорликда ирсий касалликлар бўйича мутахассислар ўқитилади ва генетик текширув жорий этилади.

Малакали тиббиёт учун шифокорнинг ўзи етарли эмас, ёнида яхлит жамоаси ҳам керак,– деди Президентимиз.

Республика шошилинч ёрдам марказиданейрохирургия бўйича катта мактаб шакллангани, унинг тажрибасини ҳудудларга етказиш зарурлиги таъкидланди.

Бунинг учун жарроҳ, анестезиолог, реаниматолог, ассистент ва ҳамширалардан иборат яхлит жамоалар жойларга юборилади. Улар қуйи бўғинда тиббий хизмат сифати ва аҳоли ишончини оширишга хизмат қилади.

Бундай жамоалар ҳар бир ҳудудда тиббиёт ходимларини жипслаштирадиган, беморларга малакали ёрдам кўрсатадиган гуруҳларни тайёрлаши керак. Ихтисослашган марказларнинг туман ва маҳаллаларда ишлаши, қуйи бўғин ходимларини ўқитиши бўйича янги тизим жорий этилади.

Тиббиёт гуруҳлари марказларга олиб келиниб, 3-4 ойлик стажировкадан ўтказилади. Бу талаб қолган марказларга ҳам тааллуқли.

Келаси йилдан 26 та ихтисослашган марказ директори билан бир йиллик контракт асосида ишлашга ўтилади. Ҳар бир директор соҳага янгилик киритиш, қуйи бўғин ходимлари малакасини ошириш ва илмни амалиётга жорий қилиш бўйича аниқ мажбурият олади.

Нуфузли хорижий университет клиникаларидан мутахассислар жалб қилиниб, марказлардаги камчиликлар кўрсатилади ва директорларнинг вазифалари аниқ белгиланади. Директорлар йил якунида жамоатчилик олдида ҳисобот беради. Иш натижасига қараб контракт узайтирилади.

Президентимиз республика, вилоят ва тумандаги ҳар бир шифохона ҳамда поликлиника фаолиятига аҳолининг ўзи баҳо берадиган механизмларни келаси йилдан жорий этиш вазифасини қўйди.

Ҳар бир шифокор ва ҳамширанинг ойлиги КПИга боғланиши, бунда аҳолининг тиббий хизматдан қониқиш даражаси асосий мезон бўлиши қайд этилди.

Президентимиз келгуси йилдан кардиология, гепатология, офтальмология ва гематология каби йўналишларда ўнта сунъий интеллект тизими ишга туширилишини маълум қилди.

Беморни масофадан кузатиш, нутқ орқали касалликни аниқлаш ва дори-дармон хавфсизлигини назорат қилиш бўйича янги ечимлар жорий этилади,– деди давлатимиз раҳбари.

Бу ечимлар тиббиётда сунъий интеллектдан фойдаланиш кўламини кенгайтиради. Шифокорлар ишида янги технологияларни қўллашга эътибор кучайтирилади.

Ҳар бир вилоятда “Энг яхши АТ оператори” ва “Рақамли тиббиётнинг энг яхши шифокори” танловлари ўтказилади. Ғолиблар 100 миллион сўмдан мукофот олади.

Мамлакатимизда тиббиётнинг турли йўналишларида шифокорларнинг ҳамжамиятлари бор.

Президентимиз айрим ассоциацияларда янгиланишга интилиш етишмаётганини танқид қилди. Баъзиларига узоқ йиллар бир киши раҳбарлик қилиб, бошқаларга йўл очилмаяпти. Аъзоларнинг хорижда малака ошириши ва илғор даволаш усулларини жорий этишида ассоциациялар фаолроқ бўлиши керак.

Яқинда қабул қилинган фармон билан ассоциацияларга катта ваколатлар берилди. Энди уларнинг раҳбарлари аъзолар томонидан кўпи билан икки-уч йилга сайланадиган тизимга ўтилади.

Ўйлайманки, ассоциациялар ўзининг қурултойини ўтказиб, тизимга янги муҳит, “янги қон” олиб кирадиган раҳбарларни сайлаб, соҳада ўзгариш қилишни бошласа, айни муддао бўлади,– деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари шифокор меҳнатининг қадри ҳақида сўз юритиб, маърифатпарвар аллома Абдурауф Фитратнинг “Инсонга хизмат қилган ҳар бир соҳа муқаддас, аммо инсон соғлиғига хизмат қилган соҳа – улуғроқдир” деган сўзларини эслади.

Тизимда камида 15 йил ишлаган ходимларнинг ипотека кредитининг бир қисмини қоплаш учун 50 миллиард сўм ажратилди. Шу имконият орқали келаси йил 1 минг нафар тиббиёт ходими янги уйга кўчиб ўтади.

Бу имконият ёш кадрлар учун ҳам жорий қилинади: ҳар йили 500 нафар ёш тиббиёт ходимининг ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилади.

Келгуси йилдан олис ҳудудларда ишлайдиган барча шифокорларнинг ойлик қўшимча устамаси 2 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга оширилади. Бундай ҳудудга ишга кирган шифокорга 50 миллион сўм бир марталик рағбат пули ҳам берилади.

Хорижий клиникаларда тажриба тўплаган ватандош шифокорлар мамлакатимиз шифохоналарига жалб этилади.

Биз уларни ўзимиздаги шифохоналарга олиб келиб, Янги Ўзбекистон тиббиётида ўз мактабини яратишига хизмат қиладиган янги тизимни йўлга қўямиз, – деди Президентимиз.

Бундай мутахассисларнинг ойлик иш ҳақига 50 миллион сўмгача устама тўланади. Иш жойлари замонавий ускуналар билан жиҳозланади.

Уларга атрофида кучли жамоа шакллантириш, бирга ишлайдиган шифокор, ассистент ва ҳамшираларни мустақил танлаш имконияти берилади. Нуфузли конференцияларда қатнашиш ва хориждаги ҳамкасблари билан тажриба алмашиш харажатлари қопланади.

Бу ишлар 26 та ихтисослашган марказдан бошланади. Ҳар бир марказ директори келаси йили 5-10 нафардан ватандош шифокорни жалб этишга масъул бўлади.

Президентимиз тиббиётга катта орзулар билан кириб келаётган ёшларга ишонч билдирди.

Орангиздан келажакнинг буюк шифокорлари, олимлари ва кашфиётчилари чиқишига ишонаман! Бизнинг вазифамиз ана шу иқтидорларни кашф этиш, уларга ишониш ва орзуларини рўёбга чиқариш учун имконият яратишдан иборат,– деди мамлакатимиз етакчиси.

Шу мақсадда “Тиббиёт новаторлари” миллий ҳамжамияти ташкил этилди. Мазкур платформа талабалар, ёш шифокорлар, олимлар, тажрибали устозлар ва хориждаги ватандошларни бирлаштиради.

Учрашувда давлатимиз раҳбари сўзни тиббиёт ходимларига бериб, уларнинг таклиф ва ташаббусларини тинглади. Мутасаддиларга билдирилган таклифларни биргаликда рўёбга чиқаришга топшириқ берди.

Мен бир нарсани сўрайман: ҳар бир тиббиёт ходими ўзига савол берсин: “Бугун инсон саломатлиги учун кечагидан кўра кўпроқ нима қила олдим?”. Агар ҳар биримиз шу саволга жавоб қидириб ишласак, тиббиётимизда ҳам, халқимизнинг саломатлигида ҳам катта ўзгаришлар бўлади, – деди Президентимиз учрашув якунида.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.