Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Ўзбекистон

Мирзиёев Самарқанднинг яшил ривожланиш концепциясини маъқуллади

UzDaily таҳририяти · 08.07.2026 · 11:50 · 31 views
Мирзиёев Самарқанднинг яшил ривожланиш концепциясини маъқуллади

Мирзиёев Самарқанднинг яшил ривожланиш концепциясини маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида экологик барқарорликка асосланган Green Samarkand модели доирасида «яшил шаҳар» тамойилларини жорий этиш бўйича таклифларни кўриб чиқди. Лойиҳа атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, замонавий шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва иқлим сиёсати йўналишларини илгари суришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни назарда тутади.

Асосий йўналишлардан бири саноатни экологик модернизация қилиш бўлади. «Яшил саноат зонаси» ҳудудида энг яхши мавжуд технологияларни, Zero Visible Emission тизимларини ҳамда экологик мониторинг учун рақамли ечимларни босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.

Мавжуд саноат зоналарини «яшил белбоғлар» билан ўраб олиш, шунингдек атроф-муҳитга таъсир даражаси бўйича I ва II тоифага кирувчи ҳамда аҳоли саломатлиги учун эҳтимолий хавф туғдирадиган саккизта корхонани шаҳар ташқарисига кўчириш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида 300 гектар ҳудудда Green City Samarkand номли янги туман барпо этиш ҳам режалаштирилган. Бу ерда халқаро «яшил» шаҳарсозлик стандартларига мувофиқ турар жойлар, офислар, жамоат бинолари, туристик, сервис ва инфратузилма объектлари қурилади.

Чиқиндилар билан ишлаш соҳасида Zero Waste Samarkand концепциясини амалга ошириш таклиф этилмоқда. У чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш тизимини жорий этиш орқали полигонларга юбориладиган чиқиндилар ҳажмини қисқартиришни назарда тутади.

Шунингдек, чиқиндиларни ноқонуний ташлаш ҳолатларини географик боғланган ҳолда фото ва видео қайд этадиган ҳамда кейинчалик уларни хариталаш имконини берувчи рақамли тизимни ишга тушириш режалаштирилган.

Иқлим сиёсати доирасида 2030 ва 2035 йилларгача углерод чиқиндиларини қисқартириш бўйича мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш, шунингдек шаҳарнинг тўлиқ углерод нейтраллигига эришишга қаратилган Carbon Neutral Samarkand йўл харитасини тасдиқлаш белгиланган.

Экологик ва иқлим ташаббусларини молиялаштириш учун Green Samarkand Climate Finance Facility платформасини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши устидан назорат ва натижаларни эълон қилиш ишлари Green Samarkand Dashboard рақамли платформаси орқали амалга оширилади.

Ташаббусларнинг алоҳида қисми туризмни ривожлантириш ва биохилма-хилликни сақлашга бағишланган. Режага Green Samarkand брендини тарғиб қилиш, Green Hotels Samarkand рейтинг тизимини жорий этиш, Samarkand City Biodiversity Index методологиясини ишлаб чиқиш, Urban Biodiversity Samarkand пилот лойиҳасини амалга ошириш ҳамда «Биохилма-хилликни сақлайлик» волонтёрлик дастурини йўлга қўйиш киради.

Кутилишича, ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш Самарқандни экотуризм ва барқарор шаҳарсозлик марказига айлантириш, шунингдек шаҳарни «Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти» сифатида позициялаш учун ташкилий, молиявий ва амалий асосларни шакллантириш имконини беради.