Мирзиёев Ўзбекистон кимё саноатини ривожлантиришни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади
Мирзиёев Ўзбекистон кимё саноатини ривожлантиришни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев кимё саноатини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Иқтисодиётимиз жадал ривожланаётгани, сўнгги йилларда саноат тармоқларида 3 минг турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани таъкидланди.
Бундан 9-10 йил илгари Ўзбекистон кимё маҳсулотларининг катта қисмини минерал ўғит ташкил қиларди.
Ўтган даврда соҳага 8 миллиард 300 миллион долларлик инвестициялар кириб келди, 87 та йирик қувватлар ишга тушди.
ПВХ, «яшил» водород, кўпикли полипропилен, БОПП плёнка каби 60 дан зиёд турдаги янги юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Бу орқали иқтисодиёт тармоқларида минглаб янги турдаги маҳсулотлар чиқариш учун зарур хомашё базаси яратилди.
Соҳада экспорт 3 карра ўсди, ишчилар сони 50 мингдан ошди.
Шу билан бирга, тўққиз йилда республика саноати ўртача 6,3 фоизга ўсган бўлса, кимёда бу 3 фоизга ҳам етмаётгани, кимё маҳсулотлари импорти ошиб, йилига 4,5 миллиард долларни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди.
Ўзимизда чиқариладиган кимёвий маҳсулотлар ички талабнинг 60 фоизини ҳам қопламаётгани, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланилмаётгани, кимё саноатида битта ишчига тўғри келадиган қўшилган қиймат бошқа давлатлардан 2-3 карра камлиги қайд этилди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ асосан ўз тизимидаги йирик корхоналар билан бандлиги, соҳада 5 мингдан ортиқ корхона билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини эшитиш жараёни сустлиги танқид қилинди.
Шу боис, давлатимиз раҳбари бугун кимё саноати корхоналари вакиллари билан шахсан учрашиб, соҳадаги масалаларни муҳокама қилиб олишга қарор қилганини айтди.
Мамлакатимизда йилига 1,5 миллион тонна аммиакли селитра ишлаб чиқарилиб, бунга 1 миллиард 70 миллион куб метр газ сарфланяпти.
Ваҳоланки, илғор давлатлар селитра истеъмолини камайтириб, қишлоқ хўжалигида карбамид ва сувда эрувчан ўғит, тоғ-кон саноатида ғоваксимон селитра ишлатишга ўтмоқда.
Аммиакли селитра билан таннархи бир хил бўлган ғоваксимон селитрада қўшилган қиймат 2 карра кўп.
Мутасаддилар, кимё корхоналари раҳбарлари мана шундай лойиҳаларни кўпайтиришни ўйлаши кераклиги қайд этилди.
Ёки «Навоиязот»да чиқадиган 1 тонна циан тузининг нархи 3 минг 700 доллар бўлса, ундан елим олинса, қиймати 8 минг долларгача ошади.
Масъулларга «Навоиязот» ёнидаги кластерда 1 миллиард долларлик 10 та кам тоннали кимё лойиҳаларини бошлаш топширилди.
Геологияда мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиб, қўшилган қийматни каррасига ошириш мумкинлиги таъкидланди.
Масалан, Қорақалпоғистон, Сурхондарё, Қашқадарё ва Навоийда 550 миллион тонна натрий ва калий, 20 миллион тонна бентонит захиралари бор.
Бу хомашё қайта ишланиб, каустик сода ишлаб чиқарилса, қўшилган қиймат 3 баробар ошади.
Шунингдек, Жиззахда 1,5 миллион тонна, Қорақалпоғистонда 500 минг тонна серпентинит захираси аниқланган. Бунга сульфат кислотаси билан ишлов берилса, тоннаси 5 минг долларгача чиқадиган магний оксиди олса бўлади.
Серпентинит янада чуқурроқ қайта ишланса, никель, хром ва кобальт олиш мумкин. Бу эса электротехника саноати учун жуда муҳим хомашё.
Мутасаддиларга фосфорит, галит, мирабилит, серпентинит каби кимё учун зарур хомашё захирасини 2 карра ошириш бўйича уч йиллик дастур қилиб, ишларни бошлаш топширилди.
Серпентинит хомашёсини қайта ишлаш бўйича камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Минтақамизда маиший кимё маҳсулотлари бўйича 2 миллиард долларлик бозор мавжуд.
Мисол учун, «Ангрен» эркин иқтисодий зонасидаги тадбиркор дунёга машҳур «Ҳенкел» компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳозирда «Ҳенкел» ушбу корхонани сотиб олди ва шу ердан Ҳамдўстлик давлатларига маҳсулот етказиб беришни режа қилмоқда.
Бундай лойиҳаларни кўпайтириш мақсадида пойтахтдаги саноат зоналаридан биридаги майдонлар маиший кимё лойиҳалари учун берилади.
Ишга туширилган корхоналарни бренди билан бирга тайёр даромадли бизнес сифатида хусусий секторга сотиш шарти билан лойиҳаларга 50 миллион доллар ажратилиши режа қилинди.
Бошқа вилоятлардаги бундай лойиҳаларга Саноат кооперацияси жамғармасидан 15 миллион доллар йўналтирилади.
Умуман, мутасаддиларга маиший кимёда яна камида 100 та бренд маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Таҳлилларга кўра, дунёда минерал ўғитга талаб йилига 5 фоиздан ўсиб, 2030 йилда 260 миллиард доллардан ошади.
Айниқса, янги агротехнологиялар ҳисобига сувда эрувчан ўғитга бўлган эҳтиёж кескин кўпаймоқда.
Инвесторлар билан музокаралар натижасида Қашқадарёда йиллик қуввати 230 минг тонна бўлган 114 миллион долларлик, Сирдарё вилоятида 400 миллион долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Умуман, уч йилда соҳа масъуллари ва ҳокимлар олдида 2 миллиард 800 миллион долларлик 42 та лойиҳани ишга тушириш вазифаси тургани қайд этилди.
Бу орқали 2030 йилга бориб, азотли ўғит ишлаб чиқариш ҳажмини 2,8 миллиондан 4 миллион тоннага, фосфорли ўғитни 400 мингдан 900 минг тоннага, сувда эрувчан ўғитларни 100 мингдан 400 минг тоннага етказиш муҳим экани таъкидланди.
Президентимиз бугун корхоналардаги ёш лаборантлар, дуал таълим асосида ишлаётган талабалар билан гаплашиб, олимларнинг тақдимоти билан танишиб, соҳага илм-фан кириб бораётганига амин бўлганини таъкидлади.
Лекин бу борада қилинадиган ишлар ҳали кўплиги қайд этилди.
Соҳада таълим, тадқиқот, лаборатория, стартапларни ўз ичига олган яхлит тизим яратилади.
Бунинг учун Мирзо Улуғбек туманидаги 60 гектар ерда Кимё саноати учун инновацион илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластери ташкил қилинади.
Мазкур кластерда Жанубий Корея билан ҳамкорликда Кимё технологиялари инновация маркази барпо этилади. Ушбу марказда тажриба-синов ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг ярми қоплаб берилади.
Келгуси йил якунигача Тошкент кимё-технология институти, Менделеев номидаги кимё-технология университетининг Тошкент филиали кластер ҳудудига кўчирилади.
Сувда эрийдиган ўғит, полимерлар, маиший ва ноорганик кимё бўйича режалаштирилган катта лойиҳалар ҳисобига нанокимё, «яшил» кимё, супер-молекуляр кимё, сунъий интеллект асосида кимёвий моделлаштириш каби замонавий йўналишлар бўйича кадрларга талаб пайдо бўлади.
Шу мақсадда кимё соҳасида кадр тайёрлайдиган 35 та олийгоҳнинг профессор ўқитувчи ва кафедра мудирлари лойиҳаларга бириктирилди.
Янги ўқув йилидан ушбу эҳтиёжлардан келиб чиқиб кадр тайёрлашни бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Умуман, кимё саноати бўйича 17 миллиард долларлик 350 дан зиёд лойиҳани ишга тушириш бўйича дастур қилиб, ишларни бошлаш топширилди.
Ушбу катта марраларни бажариш учун соҳани илмий асосланган ва замонавий ёндашувлар асосида бошқариш талаб этилади. Шу боис, “Ўзкимёсаноат”ни трансформация қилиш зарурлиги қайд этилди ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида кимё саноати масъуллари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, тармоқда фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот бўлиб ўтди.
#Шавкат Мирзиёев