Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи доирасида ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Бухоро иқтисодиётига, одамларнинг кундалик ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб кирадиган 30 миллиард долларлик янги ташаббуслар билан келганмиз,– деди давлатимиз раҳбари.
Дастлаб ичимлик суви ва оқова тармоқлари таъминотига тўхталиб ўтилди. Бу соҳада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан 385 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг иккинчи босқичига яна 248 миллион доллар жалб қилинади.
Натижада вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида 1,7 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланади, 775 минг киши канализация тармоғига уланади. Марказлашган ичимлик суви билан қамров ҳозирги 80 фоиздан 95 фоизга етказилади.
Президентимиз одамлар бу ўзгаришларни кутаётганини таъкидлаб, масъулларга лойиҳаларни тезлаштиришни топширди.
Вилоятнинг транспорт алоқаларини яхшилаш бўйича ҳам йирик режалар белгиланган. Жорий йилда Бухородан ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш якунланади.
Келаси йил М-37 йўлининг вилоят ҳудудидаги 69 километрини янгилаш ишлари бошланади. Қиймати 200 миллион долларлик ушбу лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрли айланма йўл ҳам қурилади.
Самарқанд – Бухоро йўналишида цемент-бетон қопламали замонавий пулли автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган. Бу йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини бериши кутилмоқда. Шу йўналишда тезюрар поезд учун янги темир йўл линияси ҳам кўзда тутилган.
Президентимиз мутасаддиларга автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини якунлаш, ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берди.
Бухорода халқаро стандартларга мувофиқ, 300 миллион долларлик янги аэропорт қурилмоқда. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрли автомобиль йўли барпо этилади. Шунингдек, автобуслар учун 5,5 километрли БРТ йўлагини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Президентимиз аэропорт ва унга олиб борадиган йўлни Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш вазифасини қўйди. Янги инфратузилма Бухорога келувчилар учун қулайлик яратиши ва ҳудуднинг транспорт имкониятларини кенгайтириши таъкидланди.
Туркиянинг «Пегасус» авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри қатновларни йўлга қўймоқда. Келаси йил Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари Бухорода туризм хизматлари ва сайёҳлар учун янги йўналишларни кўпайтириш масаласига тўхталди. Жорий йилда вилоятга 3,5 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида уларнинг сонини икки баравар ошириш мақсад қилинган.
Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм концепцияси асосида боғлаш кўзда тутилган.
Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади.
Жалол Икромий маҳалласида эса халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл қурилмоқда. Конгресс-холл ёнида «Ҳилтон» ва “Ҳолидай Инн” брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, саккизта марказий кўча миллий ва замонавий меъморий ечимлар асосида янгиланиб, олтита хиёбон бунёд этилади.
Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластерини барпо этиш режалаштирилган. Унинг ҳисобига сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддатини ўртача 4-5 кунгача узайтириш мумкин.
Йиғилишда вилоят иқтисодиёти бу йил илк бор 100 триллион сўмлик маррадан ошиши, ўсиш 10,1 фоизни ташкил этиши таъкидланди. Ўтказилган сўровда бухороликларнинг 98 фоизи сўнгги йилларда ҳаёт сифати яхшиланганини айтган, тадбиркорларнинг 83 фоизи эса келгуси уч йилга ижобий кутилма билан қарамоқда.
Шу билан бирга, иқтисодий ўсиш табиий ресурслар саноати ва қишлоқ хўжалигига сезиларли даражада боғлиқ бўлиб қолмоқда: уларнинг иқтисодиётдаги улуши 43 фоиз. Ўн йилда хизматлар соҳасининг улуши 33 фоиздан 36 фоизга ошган, холос.
Президентимиз вилоят иқтисодиётини диверсификация қилиш, саноатда чуқур қайта ишлашни ривожлантириш, ҳар бир туманнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш зарурлигини таъкидлади. Мутасаддиларга саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида кўрсаткичларни 1,5 баравар ошириш бўйича аниқ режаларни киритиш топширилди.
Тошкент шаҳри, Фарғона ва Жиззах вилоятлари халқаро «Фитч» рейтингини олгани мисол сифатида келтирилди. Бухоро ҳам инвесторлар учун очиқ ва ишончли ҳудуд сифатида ўз салоҳиятини намоён қилиши лозимлиги қайд этилди.
Бухоро вилоятидан 99 минг нафар фуқаро меҳнат миграциясида. Хориждан қайтган 24 минг киши ҳали иш топмаган. Вилоят бўйича ишсизлар сони 40 мингга яқин, яна 270 минг нафар аҳолининг даромади ўртача кўрсаткичдан паст.
Бундан буён “камбағал оила қолмади” деган ҳисобот ўтмайди, – деди Президентимиз.
Масъулларга хорижда кам иш ҳақига ишлаётган юртдошларимизни касбга ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштириш, 270 минг нафар аҳолининг даромадини ўртача ва ундан юқори даражага олиб чиқиш бўйича туманлар кесимида режа ишлаб чиқиш топширилди.
Бухорода туризм мавсуми тўрт ойдан олти ойга узайган. Президентимиз йилнинг қолган даврида ҳам сайёҳларни жалб қиладиган янги тадбирлар ва туризм маҳсулотларини таклиф этиш зарурлигини таъкидлади.
Келаси йил вилоятда 30 га яқин халқаро тадбир ўтказиш режалаштирилган. Шу билан бирга, ҳозир Бухорода беш юлдузли меҳмонхона йўқ, йирик савдо ва кўнгилочар масканлар ҳам етарли эмас. Мавжуд хизматларнинг асосий қисми Бухоро шаҳрида жамланган.
– Сервис таклифи талабга мос эмас,– деди мамлакатимиз етакчиси.
Сайёҳлар сонини ошириш учун жойлаштириш, савдо, дам олиш ва саёҳат хизматларини вилоят туманларида ҳам ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.
Масъулларга хорижлик туристлар сонини 7 миллионга етказиш бўйича ойма-ой режа тайёрлаш вазифаси қўйилди. Унда қайси давлатлардан сайёҳ жалб этилиши, қандай янги турпакетлар ва тадбирлар таклиф қилиниши, туманларда қайси объектлар ишга туширилиши аниқ кўрсатилиши лозим.
Президентимиз Бухородаги хомашё, энергия ресурслари ҳамда тадбиркорлар салоҳиятини бирлаштириб, уч йил ичида 28 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш имконияти борлигини таъкидлади.
Ушбу режанинг 17 миллиард доллари нефть-газ ва кимё саноати ҳиссасига тўғри келади. Давлатимиз раҳбари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг қувватларини оширишга нуфузли технологик компанияларни жалб қилиш ва аниқ натижага эришиш вазифасини қўйди.
Умуман, вилоятдаги корхоналарда ҳосил бўладиган хомашёни чуқур қайта ишлаш учун Когон туманида нефть-кимё илмий-саноат кластерини ташкил этиш зарурлиги билдирилди.
Энергетикада қисқа муддат ичида қарийб 2 минг мегаватт қувватли электр станциялари ишга туширилди. Келгуси уч йилда яна 3,1 минг мегаваттли шамол электр станциялари ва 1 минг мегаваттли энергия сақлаш тизимларини қуриш режалаштирилган.
Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши узатиш ва тақсимлаш тармоқларини ҳам ривожлантиришни талаб этади. Шу мақсадда уч йилда вилоятда 745 километр электр тармоғини қуриш режа қилинган.
Енгил саноатда халқаро брендлар билан ҳамкорлик тажрибасидан фойдаланиб, Бухорода ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини ташқи бозорларда кенгроқ тарғиб қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Келаси йили бу борада камида 1 миллиард долларлик лойиҳаларни бажариш ва экспортни икки баравар ошириш вазифаси қўйилди.
Вилоятдаги йўллар ҳолатини яхшилаш учун жорий йилда 900 миллиард сўм ажратилди. Шунга қарамай, тирбандликни камайтириш, пиёдалар ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, жамоат транспортини яхшилаш бўйича ечимини кутаётган масалалар бор.
Бугунги кунда Бухорода 2 минг километр ички йўл ва 266 та кўприк таъмирталаб аҳволда. Президентимиз уларни янгилаш ва эксплуатация қилишга хусусий инвестицияларни кенгайтириш зарурлигини қайд этди.
Асосий сайёҳлик йўналишларини боғлайдиган муқобил пулли йўллар қуриш имкониятларини ўрганиш топширилди.
Бухорода жамоат транспорти етарлича ривожланмагани сабаб аҳолининг 80 фоизи иш, ўқиш ва кундалик юмушларига енгил автомобилда қатнайди. Президентимиз вилоят учун зарур бўлган қўшимча 120 та автобусни келтириш ишларини жадаллаштириш вазифасини қўйди.
Туристларнинг Бухоро ҳақидаги дастлабки таассуроти аэропорт ва темир йўл вокзаллари атрофидаги муҳитдан бошланиши таъкидланди. Шу боис, бу ҳудудларда хизмат кўрсатиш сифати ва қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Дарахт турларини Бухоронинг иқлими ва тарихий қиёфасига мос танлаш, мавжуд дарахтларни парваришлаш ҳамда йўл бўйларини ободонлаштиришда ягона ёндашув кераклиги айтилди.
Вилоятдаги 55 та маҳалла аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланишни кутаётгани қайд этилди. Президентимиз мутасаддиларга мазкур маҳаллаларга сув етиб боришини аниқ муддатини белгилаб, ҳал қилишни топширди. Вилоятдаги оилаларнинг уй-жойга эҳтиёжини қондириш мақсадида турар жой массивлари қурилишини жадаллаштириш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда таълим ва тиббиёт соҳаларидаги вазифалар ҳам кўриб чиқилди.
Тадбиркорларга ер ажратиб, хусусий боғча ва мактабларни кўпайтириш, мактаб битирувчиларининг 50 фоизини техникумларга жалб қилиш вазифаси қўйилди. Техникумларни йирик тадбиркорлар ва инвесторлар билан боғлаш, халқаро таълим дастурларини жорий этиш зарурлиги таъкидланди. Вилоятдаги ўнта давлат ва хусусий олий таълим муассасасида дуал таълим қамровини икки баравар ошириш режалаштирилган.
Жорий йилда 29 та шифохона ва поликлиникани янгилаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, тиббий хизмат сифати, айниқса, бирламчи бўғин фаолияти бўйича ҳали ечимини кутаётган масалалар борлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга бирламчи тиббий хизматни яхшилаш, соҳага инвестиция жалб этиш ва хорижда тажриба орттирган ватандошлар имкониятидан фойдаланиш топширилди.
Президентимиз ўз ҳудудини комплекс ривожлантиришда Олот тумани ҳокими Наргиза Нематова алоҳида жонбозлик кўрсатаётганини эътироф этиб, давлат ва бошқарув идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, янги иш ўринларини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлидаги хизматлари учун уни "Фидокорона хизматлари учун" ордени билан мукофотлашга қарор қилганини эълон қилди.
Йиғилишда муҳокама қилинган вазифалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари ҳамда келгуси йилга режалари тингланди.