Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Спорт

Мексика ва Жанубий Корея ЖЧ-2026ни ғалаба билан бошлади

UzDaily · 13.06.2026 · 08:35 · 31 views
Мексика ва Жанубий Корея ЖЧ-2026ни ғалаба билан бошлади

Мексика ва Жанубий Корея ЖЧ-2026ни ғалаба билан бошлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мексика ва Жанубий Корея терма жамоалари 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатидаги иштирокини А гуруҳининг биринчи тур учрашувларидаги ғалабалар билан бошлади.

Турнирнинг очилиш ўйинида Мексика терма жамоаси Мехикодаги «Ацтека» стадионида ЖАР жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Голларга 9-дақиқада Хулиан Киньонес ва 67-дақиқада Рауль Хименес муаллифлик қилди. 35 ёшли ҳужумчи Хименес учун ушбу гол жаҳон чемпионатларидаги илк гол бўлди.

Учрашув кўплаб четлатишлар билан ёдда қолди. 49-дақиқада ЖАР терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сфифело Ситхоул қизил карточка олди. Кейинчалик унинг жамоадоши Темба Зване ҳам майдондан четлатилди. Қўшимча вақтда эса мексикаликлар сардори Сесар Монтес майдонни тарк этди.

Москванинг «Динамо» клуби ярим ҳимоячиси Луис Чавес иккинчи бўлимда майдонга тушди. Шунингдек, мазкур баҳс жаҳон чемпионатлари тарихида очилиш ўйинида ҳакам бир вақтнинг ўзида учта қизил карточка кўрсатган илк учрашув сифатида қайд этилди.

Мексика терма жамоаси учун бу жаҳон чемпионатлари очилиш ўйинларидаги илк ғалаба бўлди. Бунга қадар жамоа турнирнинг старт учрашувларида етти марта иштирок этиб, беш бор мағлуб бўлган ва икки марта дуранг ўйнаган. Шунингдек, «Ацтека» стадиони 1970 ва 1986 йилги мундиаллардан кейин учинчи бор жаҳон чемпионати очилиш ўйинига мезбонлик қилган тарихдаги илк аренага айланди.

А гуруҳининг яна бир учрашувида Жанубий Корея терма жамоаси Гвадалахара шаҳрида Чехия жамоаси устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди. Ҳисобни 59-дақиқада Ладислав Крейчи киритган гол билан чехлар очган бўлса, кореяликлар ўйин тақдирини ўз фойдаларига ҳал қилишга муваффақ бўлди. 67-дақиқада Хван Ин Бом, 80-дақиқада эса О Хён Гю гол урди.

Биринчи тур якунларига кўра, А гуруҳида Мексика ва Жанубий Корея терма жамоалари уч очкодан жамғариб, пешқадамга айланди. Иккинчи турда мексикаликлар 19 июнь куни Жанубий Корея билан куч синашади. Чехия эса 18 июнь куни ЖАРга қарши майдонга тушади.

2026 йилги жаҳон чемпионати тарихда биринчи марта 48 та миллий терма жамоа иштирокида ўтказилмоқда. Шунингдек, мусобақа илк бор бир вақтнинг ўзида уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексикада ташкил этилмоқда. Турнир 19 июлга қадар давом этади. Амалдаги жаҳон чемпиони Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.

UzDaily · 👁 31 views · 13.06.2026 · 08:35