Туризм

Marriott International Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини ривожлантириш режаларини муҳокама қилди

Marriott International Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини ривожлантириш режаларини муҳокама қилди
Marriott International Ўзбекистонда меҳмонхона бизнесини ривожлантириш режаларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва халқаро меҳмонхона тармоғи Marriott International туризм ва меҳмондўстлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Учрашувда меҳмонхона лойиҳаларини ривожлантириш, мамлакатни хорижий бозорларда тарғиб қилиш ва соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аккуловнинг Marriott International компаниясининг Шарқий Европа бўйича минтақавий вице-президенти Панкаж Бирла билан учрашуви Тошкентда бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томони туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш чоралари ҳамда халқаро меҳмонхона брендларини жалб қилиш учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, инвесторлар учун назарда тутилган субсидиялар ва имтиёзлар тақдим этилди.

Панкаж Бирла компания фаолияти ва уни янада ривожлантириш режалари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Марказий Осиё Marriott International учун истиқболли бозорлар ҳисобланади. Учрашув иштирокчилари Тошкентда очилиши режалаштирилган The Ritz-Carlton меҳмонхонаси лойиҳаси юзасидан ҳам фикр алмашди.

Музокараларнинг алоҳида йўналиши Ўзбекистонга машҳур ресторан брендларини жалб қилиш ва гастрономик туризмни ривожлантириш бўлди. Томонлар, шунингдек, туризм йўналишида таҳсил олаётган талабалар учун Marriott International меҳмонхоналарида таълим дастурлари ва амалиётларни ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқди.

Бундан ташқари, мамлакатнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида хорижий блогерлар ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш масаласи муҳокама этилди.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси, гастрономияси ва туристик йўналишларини оммалаштириш учун Marriott Bonvoy халқаро содиқлик дастурининг рақамли воситаларидан фойдаланиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Хорижий ҳамкорлар ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаши кутилмоқда.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни давом эттириш ва истиқболли қўшма ташаббусларни ишлаб чиқишга келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.