Марокаш Нидерландияни енгиб, ЖЧ 1/8 финалига чиқди
Марокаш Нидерландияни енгиб, ЖЧ 1/8 финалига чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Марокаш терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионати 1/16 финалида Нидерландия устидан ғалаба қозониб, мусобақанинг кейинги босқичига чиқишни таъминлади. Мексиканинг Монтеррей шаҳрида бўлиб ўтган учрашув африкаликлар фойдасига ўйиндан кейинги пенальтилар серияси якунларига кўра ҳал бўлди.
Учрашувнинг асосий ва қўшимча вақти ғолибни аниқлаб бермади ва 1:1 ҳисобида якунланди. Ҳисобни 72-дақиқада Коди Гакпонинг аниқ зарбаси орқали европалик футболчилар очди. Марокаш терма жамоаси эса иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг биринчи дақиқасида мағлубиятдан қутулиб қолди. 90+1-дақиқада Исса Диоп жавоб голини киритди. Шундан кейинги пенальтилар сериясида Марокаш футболчилари аниқроқ ва босиқроқ ҳаракат қилиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Нидерландия терма жамоаси сафида гол урган Коди Гакпо тўп киритганидан кейин ғалабани нишонламади ва кўз ёшларини тия олмади. Футболчининг бу ҳиссий ҳолати оилавий фожиа билан боғлиқ. Унинг севгилиси бир кун аввал ҳомиладорлик даврида фарзандини йўқотгани ҳақида жамоатчиликка маълум қилган эди.
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи якунларига кўра, Марокаш С гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб плей-оффга чиққан бўлса, Нидерландия F гуруҳида биринчи ўрин билан ҳал қилувчи босқичга йўл олган эди. 1/8 финал доирасида Марокаш терма жамоаси Канада билан куч синашади. Мазкур учрашув 4 июль куни АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтади.
Жорий йилги халқаро футбол турнирига АҚШ, Канада ва Мексика биргаликда мезбонлик қилмоқда. Мусобақанинг финал учрашуви 19 июль куни ўтказилади. Айни пайтда жаҳон кубогининг амалдаги соҳиби Аргентина терма жамоаси ҳисобланади.