Ўзбекистон Иқтисод Молия Технологиялар Маданият Спорт Туризм Дунё Media OutReach Newswire
Молия

Марказий банк исломий банклар лицензиясини тасдиқлади

UzDaily таҳририяти · 21.07.2026 · 11:30 · 49 views
Марказий банк исломий банклар лицензиясини тасдиқлади

Марказий банк исломий банклар лицензиясини тасдиқлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки исломий банк фаолиятини амалга оширадиган банкларни лицензиялаш тартибини тасдиқлади. Банк фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги бошқарув қарори белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонуни ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, исломий банкларни ташкил этиш ва лицензиялаш тартибини белгилайди.

Қарорда исломий банк фаолиятини амалга оширадиган банкларни ташкил этиш тартиби ва шартлари, шунингдек, амалдаги тижорат банкларининг исломий ойна очиш орқали исломий молиявий хизматлар кўрсатишни бошлаши учун зарур шартлар белгиланган.

Бундан ташқари, ҳужжат банкнинг Исломий молия кенгаши аъзолари ҳамда исломий банк фаолиятини ташкил этиш ва юритиш учун масъул раҳбар ходимларга қўйиладиган малака талабларини ҳам белгилайди.

Марказий банкнинг таъкидлашича, мазкур қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистонда исломий банкингни жорий этиш учун норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришнинг навбатдаги босқичи бўлиб, мамлакатда исломий молиявий хизматларни изчил ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароит яратади.