Каннаваро ЖЧ–2026 мураббийлари маоши бўйича топ-5га кирди
Каннаваро ЖЧ–2026 мураббийлари маоши бўйича топ-5га кирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Finance Football нашри 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчиси бўлган терма жамоалар бош мураббийлари рейтинги эълон қилди. Рейтинг мураббийларнинг иш ҳақи даражаси асосида шакллантирилган. Унда Ўзбекистон терма жамоаси устози Фабио Каннаваро бешинчи ўринни эгаллаб, Франция, Нидерландия ва Уругвай миллий жамоалари мураббийлари қаторидаги бир қатор машҳур мутахассислардан юқори ўринни қайд этди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, турнирнинг энг юқори маош олувчи мураббийи Бразилия терма жамоасини бошқараётган Карло Анчелотти бўлди. Унинг йиллик маоши 10 млн еврони ташкил этади. Рейтингда иккинчи ўринни АҚШ терма жамоаси бош мураббийи Маурисио Почеттино эгаллади. Турнир мезбонлари ҳисобланган Канада ва Мексика терма жамоалари мураббийлари мос равишда 10 ва 11-ўринлардан жой олди.
Ўзбекистон терма жамоасига бошчилик қилаётган Фабио Каннаваро рейтингда бешинчи ўринни эгаллади ва унинг маоши Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес маошига таққосланадиган даражада экани қайд этилди. Шу билан бирга, нашр турнир фаворитлари сифатида кўрилаётган Аргентина ва Испания терма жамоалари раҳбарлари топ-12 рўйхатига кирмаганини таъкидлади: Лионель Скалони йилига 2,3 млн евро, Луис де ла Фуэнте эса 2 млн евро маош олади.
Япония терма жамоаси бош мураббийи Хажимэ Мориясунинг йиллик маоши 1,1 млн еврони ташкил этади. Бельгия ва Шотландия терма жамоалари мураббийларининг даромади янада паст: Руди Гарсия йилига 700 минг евро, Стив Кларк эса 530 минг евро иш ҳақи олади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон терма жамоасида Фабио Каннаваронинг маоши бўйича расмий маълумотлар ошкор қилинмаган.
Аввалроқ Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари италиялик мутахассис йилига 4 млн евро олиши ҳақидаги хабарларни рад этган ва амалдаги сумма бундан анча паст эканини билдирган эди.
Федерация шунингдек миллий терма жамоа бош мураббийининг ҳақ тўлаш миқдори ахлоқий мулоҳазаларга кўра ошкор этилмаслигини таъкидлади.